Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартибини белгилаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
номзодларни тавсия этиш, уларни тест синовлари ва суҳбатдан ўтказиш, номзодларни Академия магистратураси тингловчилари сафига қабул қилиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
хорижий давлатлар фуқароларини магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш тартиби, Академияда таълим олаётган хорижий фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратурасига қабул килиш тартибини белгилайди.
Академия магистратурасига қабул қонунийлик, холислик, шаффофлик, коллегиаллик ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ташкил этилади.
Академия магистратурасида юқори малакали бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида, магистр даражаси берилган ва белгиланган давлат намунасидаги диплом топширилган ҳолда амалга оширилади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ ҳар томонлама, очиқ ва холис танловнинг мезон ва механизмларини қамраб олган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишнинг алоҳида тартибини белгилаш назарда тутилган.
ЎзА