Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов геодезия ва картография соҳасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.
Республикамиз ҳудудидаги 143 та туманнинг 1:10 000 масштабдаги 5 минг 531 та қишлоқ хўжалик харитаси ва республика ҳудудининг 1:25 000 масштабдаги 4 минг 534 та топографик харитаси рақамлаштирилди. Шундан, 597 та қишлоқ хўжалиги харитаси ва 699 та топографик харита янгиланди. Кадастр агентлиги томонидан 2022 йилда биринчи ярим йиллигида 62 минг 310 кв.км майдонда аэросуратга олиш ишлари бажарилди. Ушбу аэросуратлар асосида 591 та ортофотоплан яратилди.
Давлат геодезия тармоғи пунктларининг жойида сақланиб қолганлигини текшириш мақсадида Кадастр агентлигининг Республика аэрогеодезия маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 1 минг 238 та пункт ҳолати текширилди.
Бундан ташқари, республика худудида 193 та юқори аниқликдаги Сунъий йўлдош геодезия тармоқ пунктлари ўрнатилган бўлиб, шундан 50 тасида доимий ишлаб турувчи GNSS станциялари ўрнатилди.
Давлат баландлик тармоғини яратиш мақсадида 2022 йилда Навоий ва Самарқанд вилоятларида 89,1 км узунликда 1-синф нивелирлаш ишлари олиб борилди ва 593 та нивелир белгиларининг координаталари аниқланди.
Шу билан бирга, космик суратлардан фойдаланиб республика ҳудудининг суғориладиган ерлари ва аҳоли пунктлари учун 1:10 000 масштабдаги 5 минг 646 та ва тоғ, тоғолди ва чўл ҳудудлари учун 1:25 000 масштабдаги 3 минг 565 та, жами 9 минг 211 та ортофотопланлар яратилди.
Кадастр агентлиги географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни экспертизадан ўтказиш, географик объектларнинг номлари давлат реестрини юритиш ишларини амалга оширмоқда.
Ушбу таклифлар Кадастр агентлигигнинг Эксперт комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, 11 минг 917 та ном бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан ижобий хулосалар берилди, 1 минг 150 та ном қонунчилик ҳужжатлари талабларига номувофиқ деб топилиб, қайта кўриб чиқиш учун ҳудудий комиссияларга қайтарилди.
Бундан ташқари, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлган 13 минг 11 та ном белгиланган тартибда Давлат реестри базасига киритилди.
Ҳозирги кунда Давлат реестри базасида 136 минг 279 та географик объектларнинг номлари жамланган. Шундан, 2 минг 886 таси маъмурий-ҳудудий бирликлар (вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул) номлари ҳисобланади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА