Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат раҳбари ва халқнинг истаклари уйғунлиги – юксак натижалар асоси
19:44 / 2024-08-30

Юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида борини бериб фаолият олиб бораётганларнинг меҳнати эътиборсиз қолмайди.

Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди.

Бугун Кўксаройда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Тадбирдан сўнг тақдирланганларнинг баъзилари билан суҳбатлашдик. Ҳис-ҳаяжонли дамларига шерик бўлдик.

Турсинбой Абдижаббаров, «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.

– Президентимиз Қорақалпоғистон ҳақида гапирганларида бизнинг томиримиз, тақдиримиз бир, деб алоҳида таъкидлайди. Бу шунчаки гап эмас, амалда ҳам ўз ифодасини топаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Кейинги йилларда барча туман ва шаҳарларимиз янги қиёфага кирди. Замонавий лойиҳалар ишга тушиб, одамлар доимий даромадга эга бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари февраль ойида Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилишида иштирок этди.  Яхши эслайман, эски понтон кўприкдан фойдаланиш қанчалар ноқулай эди. Баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайса муаммо бўларди. Ўшандай пайтларда дарёнинг икки томонидаги аҳолига қанчалар қийин бўлишини тасаввур қилинг. Бу улкан лойиҳа бўлди. Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоотга эга бўлдик.

Шавкат Мирзиёев яқинда Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказдилар. Унда элимиз эртасига дахлдор қанча яхши ташаббуслар илгари сурилди. Мавжуд муаммоларнинг ечимлари кўрсатилди. Бундан халқимизнинг боши осмонда.

Давлат раҳбарининг бу йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти Нукус шаҳрида этилгани тарихий воқеа бўлди. Қорақалпоғистонга сармоя киритиб, бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан устунлик берувчи жиҳатлари тушунтирилди. Бу қанчадан-қанча йирик лойиҳалар ишга тушишини англатади. Бу минг-минглаб янги иш ўринлари, аҳоли фаровонлиги дегани.

Президентимизнинг бу заминни гуллаб-яшнатиш борасида истаклари катта. Буни одамлар ҳис қилиб турибди. Давлат раҳбари ва халқнинг истаги бирлиги юксак марраларни забт этаётганимизнинг асоси. Муҳими шу.

Шу заминнинг бир фарзанди, нуронийси сифатида ёшларга шу жиҳатларни доим гапириб юраман.

Бугун давлатимиз раҳбаридан эксак эътироф, орденни олиб қалбим ғурурга тўлиб турибди. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида бу менга катта байрам совғаси бўлди.

ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.

Рустам НАЗАРМАТОВ олган сурат.