Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Пенсия ва компенсация тўловларини тайинлаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 31 октябрдаги ПҚ-353-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга:
пенсия ва компенсация тўловларини тайинлаш тартибини такомиллаштириш;
фуқароларга ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари ҳамда компенсация тўловларини проактив шаклда тайинлаш тартибини жорий этиш;
фуқароларнинг давлат пенсия таъминотига оид қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Энди “Шахс ёки қонуний вакил пенсия тайинлашни сўраб Пенсия жамғармаси бўлимига бевосита ташриф буюрган ҳолда ариза бериш, почта орқали ариза бериш, яшаш жойидан қатъи назар, Давлат хизматлари маркази орқали ёки ЯИДХПдан рўйхатдан ўтган ҳолда сўровномани тўлдириб, мурожаат қилиш ҳуқиқига эга бўлади.
Давлат хизматлари маркази орқали ёки ЯИДХПдан рўйхатдан ўтган ҳолда пенсия тайинлаш, шунингдек, проактив шаклда пенсия тайинлаш шахснинг пенсия олиш ҳуқуқини берадиган маълумотлари “ЯММТ” ИДАКда рақамлаштирилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда шахс ёки қонуний вакил томонидан Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим қилинган иш стажи, иш ҳақи ва устамага оид рақамлаштирилмаган маълумотлар ёки ҳужжатлар орқали пенсия тайинланиши ёки қайта хисобланиши мумкин”.
Ёки Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсияни тайинлаш ёки қайта ҳисоблашни сўраб манзил-колония жойлашган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига аризани тўлдириб ёки Давлат хизматлари марказининг давлат хизматини кўрсатиш хизматидан фойдаланган ҳолда, сўровномани тўлдириш орқали пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсиялар ушбу Низомда белгиланган умумий тартибда проактив шаклда тайинланади, шу жумладан, Қонуннинг 49-моддаси иккинчи қисмида белгиланган ногиронлик пенсияси проактив шаклда қайта ҳисобланади.
Шахснинг пенсияни тайинлаш ва/ёки қайта ҳисоблаш тўғрисидаги аризаси манзил-колония маъмурияти томонидан манзил-колония жойлашган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсга манзил-колония маъмурияти томонидан Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим қилинган иш стажи, иш ҳақи ва устамага оид рақамлаштирилмаган маълумотлар ёки ҳужжатлар асосида пенсия тайинланади ва/ёки пенсия миқдори қайта ҳисобланади.
ЎзА