Бизнес-омбудсман “Севинч” МЧЖ (номи ўзгартирилган) шартнома бўйича тўловлар амалга оширилмаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати бўйича текширув ўтказди.
Аниқланишича, ушбу МЧЖ ва Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими ўртасида пудрат шартномаси имзоланган, унга асосан жамият томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши бошланган. Шартномага асосан жамият ҳисобига тўловларни 30 фоиз, жумладан, қарийб 54,5 миллион сўм маблағни ўтказилиши белгиланган эди.
Шунга қарамасдан мазкур маблағ тўланмаган ва жорий таъмирлаш ишлари учун маблағ манбаи аниқланмагунига қадар қурилиш ишлари жамият томонидан тўхтатилган.
Бизнес-омбудсман аралашувидан сўнг, маҳаллий бюджет ҳисобидан шартномада белгиланган маблағ ажратилиши таъминланди ва қурилиш ишлари давом эттирилди.
Маълумки, Бизнес-омбудсман амалиётида давлат органлари тадбиркорлардан қарздор бўлиш ҳолати кўп аниқланади. Статистикага кўра, 2021 йилнинг август ойи ҳолатида Бизнес-омбудсманнинг фаолияти натижасида судлар орқали тадбиркорлар фойдасига 7, 8 миллиард сўм маблағ давлат органларидан ундирилиши белгиланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА