Бугунги глобаллашув ва институционал ислоҳотлар даврида давлат бошқаруви тизимининг самарадорлиги, аввало, коррупциявий хавф-хатарларнинг қай даражада чеклангани билан бевосита боғлиқ.
Коррупция давлат органлари фаолиятига бўлган жамоатчилик ишончини сусайтиради, иқтисодий ривожланишни секинлаштиради ва ижтимоий адолат тамойилларига путур етказади. Шу боис, коррупцияга қарши кураш нафақат ҳуқуқий, балки ташкилий ва кадрлар сиёсатига доир комплекс чора-тадбирларни талаб қилади.
Давлат хизматида узоқ муддат бир лавозимда ишлаш, айниқса, молиявий, рухсат бериш, назорат ёки тақсимловчи ваколатларга эга бўлган ходимлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни оширади.
Шу каби хавфларни камайтиришнинг самарали усулларидан бири сифатида кадрлар ротацияси тизимини жорий этиш халқаро амалиётда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатган.
Давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат органларида инсон ресурслари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ давлат хизматида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар) мақомидаги 33 та туман (шаҳар)да фаолият юритувчи давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар беш йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ротация қилинади.
Ротация қилинадиган раҳбарлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг hrm.gov.uz электрон платформаси орқали аниқланади. Бунда Агентликнинг ротация қилиш бўйича кўрсатмаси давлат органлари учун мажбурий ҳисобланади.
Раҳбар янги ҳудудга ўтишидан олдин мазкур ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив курсларда ўқитилади. Ротация қилинган раҳбар фаолияти электрон платформа орқали онлайн тарзда мониторинг қилинади, ротация жараёнлари эса Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.
Шунингдек, давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилди.
Диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмасига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.
Диагностика натижасига кўра ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда ходим коррупциявий хавф-хатар даражаси “паст” бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади.
Халқаро амалиётда кадрлар ротацияси коррупцияга қарши курашнинг муҳим элементи сифатида қўлланилади. Масалан, Японияда давлат хизматчиларининг молиявий ва назорат соҳаларида 2-3 йилда бир марта ротация қилиниши қонунчилик даражасида белгиланган. Жанубий Кореяда эса юқори коррупциявий хавфга эга лавозимлар учун мажбурий ротация механизми жорий этилган. Германия федерал ҳокимият органларида эса коррупциянинг олдини олиш бўйича дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий тамойиллари лавозимларни таҳлил қилиш ва юқори кўрсаткичли лавозимларда хизмат қилиш муддатини чеклаш, ходимларни ротация қилишдан иборат.
Ушбу тажрибалар шуни кўрсатадики, кадрлар ротацияси якка ҳолда эмас, балки коррупцияга қарши комплекс сиёсатнинг таркибий қисми сифатида юқори самара беради.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашни институционал даражада кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Кадрлар сиёсатида шаффофлик, очиқ танлов ва меритократия тамойилларини жорий этиш бунинг яққол мисолидир.
Шу билан бирга, кадрлар ротацияси тизимини янада тизимли ва мақсадли жорий этиш зарурати сақланиб қолмоқда. Бу борада юқори коррупциявий хавфга эга лавозимлар рўйхатини белгилаш, ротация муддатларини аниқ ва очиқ мезонлар асосида белгилаш, ротация жараёнида ижтимоий кафолатларни таъминлаш, рақамли кадрлар бошқаруви тизимлари орқали жараённи шаффоф назорат қилиш каби йўналишлар устувор ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, кадрлар ротацияси давлат хизматида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишда самарали ва зарур институционал механизм ҳисобланади.
У давлат бошқарувида шаффофлик, холислик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Халқаро тажриба ва миллий ислоҳотлар таҳлили шуни кўрсатадики, ротация тизимини Ўзбекистон давлат хизматида комплекс, босқичма-босқич ва илмий асосланган ҳолда жорий этиш коррупцияга қарши курашнинг барқарор натижаларини таъминлайди.
Аброр Латипов,
Бошқарув самарадорлиги Агентлигининг
Навоий вилоят филиали бош инспектори.
ЎзА