Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат органлари халқ хизматида
11:37 / 2021-11-24

Қўшработлик Акмал Нурмуродов туманнинг Зармитан маҳалласида ширинликлар ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганига эндигина уч йил тўлди.

Бир бинони ижарага олиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида тадбиркорликни йўлга қўйди.

Яратилган имконият, давлат томонидан берилаётган имтиёз ва енгилликлар туфайли қисқа вақтда оёққа туриб олди. Аниқ иш режа, мақсад билан ишласа, яхшига даромад қилса бўлар экан. Шу боис Акмал фаолиятини кенгайтиришга қарор қилди ва янги пишириқ печлари ҳамда бошқа ускуналар харид қилиш учун банкдан 60 миллион сўм кредит сўради. Керакли ҳужжатларни тайёрлаб тақдим этди. Аммо кредит у кутганидек тез фурсатда ажратиб берилмагач, бошқа идораларга бош суқишга мажбур бўлди.

Жумладан, Президент виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилди.

– Очиғи, муаммо бунчалик тез ҳал бўлади, деб ўйламагандим, – дейди А.Нурмуродов. – Октябрь ойининг бошларида мурожаат қилган бўлсам, шу ойнинг охирларига қадар масала ижобий ечим топди, 60 миллион сўм кредит ажратиб берилди. Президент Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхона ва ишонч телефонлари, ҳокимларнинг телеграм каналлари орқали аҳоли мурожаатларига тезкор ечим топилаётгани одамларга анча енгиллик бўляпти.

Самарқанд шаҳрида яшовчи Мурод Багиров Имом Восе маҳалласидаги ички йўлларни таъмирлаш масаласида мурожаат қилганди. Президент Халқ қабулхонаси ва мутасадди идораларнинг саъй-ҳаракати билан шаҳар маҳаллий бюджетидан пул ажратилиб, ушбу маҳалла кўчалари таъмирланди.

– Мурожаатимдан сўнг, қарийб бир километрлик маҳалла йўлига асфальт ётқизилди. Бундан миннатдормиз, – дейди М.Багиров.

Умуман, Самарқанд вилояти аҳолиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, ишонч телефони ва Халқ қабулхоналарига тушган мурожаатлар қонунчиликда белгиланган муддатда ва тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилмоқда.

Хусусан, жорий йилда иштихонлик З.Куланованинг мурожаати асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун Халқ банки томонидан 160 миллион сўм кредит ажратилди. Каттақўрғонлик К.Каримованинг мурожаати бўйича шаҳардаги 3 километр маҳалла йўли асфальт қилинди. Самарқанд шаҳрида яшовчи В.Круглованинг болалар майдончаси қуриб беришни сўраб, қилган мурожаати ҳам қаноатлантирилди.

Фуқароларга мурожаатлари билан ишлаш борасидаги бу каби ишлар, жойларда юзага келаётган муаммоларга тезкор ечим топилиши кейинги йилларда ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилнинг ҳаётий ифодаси дейиш мумкин.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари ҳам яқинда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида келгуси беш йилда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилишини алоҳида таъкидлажи бежиз эмас.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА