Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантиришга оид фармонига кўра бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ривожланмоқда.
Бошқарув кадрларининг малакасини ошириш курслари илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Курслар инновацион давлат бошқаруви, стратегик режалаштириш ва прогнозлаштириш, давлат хизматларини такомиллаштириш, ақлли бошқарув ва рақамлаштириш соҳасидаги ўқув дастурларини ўз ичига олади.

Навбатдаги малака ошириш курси вазирлик ва идоралар марказий аппаратлари бошқарув кадрлари учун ташкил этилди.
Давлат бошқаруви академиясида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда 120 нафар тингловчи касбий салоҳияти ва бошқарув маҳоратини оширди.
Малака ошириш курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчилар академия ректори Адҳам Бекмуродов билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотда академияда курслар давомида олган билим ва малака-кўникмаларини амалий фаолиятларда самарали қўллаш, ўз соҳа ва тармоқлари амалиётида янгича, замонавий ишлаш принципларидан фойдаланишлари зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА