Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат органлари билан муносабатларда барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади
16:08 / 2023-10-09

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормаларини сўзсиз ва тўлиқ амалга оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

— Маълумки, жорий йил мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, “Инсон-жамият-давлат” деган устувор ғоя янги таҳрирдаги Қомусимиз нормаларига сингдирилди, — деди депутат Фирдавс Шарипов. — Мазкур қонун лойиҳаси билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши, шунингдек, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бу борада халқаро тажриба, хусусан, МДҲ давлатларининг қонунчилиги ўрганилганда, ушбу давлатлар конституцияларида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 15 ва 20-моддаларида белгиланган нормалар ўз аксини топган. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда инсон ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликларнинг инсон фойдасига талқин этилишига хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА