Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги навбатдаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов коррупцияга қарши курашиш соҳасида 2022 йилда амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб ўтилди.
Қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича “E-Antikorrupsiya” лойиҳаси ишга туширилган.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Мазкур превентив механизмлар орқали давлат органларининг коррупцияга қарши курашишдаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилиб, жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021 - 2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот, шунингдек, “1253” қисқа рақамли “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилган.
Давлат хизматларини кўрсатиш сифати яхшиланиб, коррупцияни юзага келтириши мумкин бўлган ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилган ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилган. Хусусан, 73 турдаги ҳужжат ва маълумотларни аҳолидан талаб қилиш бекор қилиниб, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони 95 тагача (43 фоиз) қисқартирилган ҳамда 6 та лицензия ва рухсатномада белгиланган 17 та талаб ва шарт бекор қилинган.
Коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган капитал қурилиш, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”лари тасдиқланиб, ижроси таъминланган.
Мажлисда коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Давлат идоралари ва ташкилотларда кенг қамровли превентив чора-тадбирлар ўтказилишига қарамай коррупция ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Хусусан, давлат харидлари билан боғлиқ бюджет маблағлари талон-торож қилиниши, субсидиялар ажратиш жараёнларидаги ноқонуний ҳаракатлар, назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ноқонуний текшируви каби ҳолатларни қайд этиш мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан 20 тасининг фаолияти “қониқарсиз” баҳоланган бўлса, Очиқлик индекси бўйича 27 та давлат органи ва ташкилотининг очиқликни таъминлаш фаолияти паст самарадорликни қайд этган.
Сенат Раиси Танзила Норбоева айнан шу ҳолатга эътибор қаратиб, очиқлик таъминланмаслиги, яъни ёпиқлик коррупцияга сабаб бўлаётган омиллардан бири эканини қайд этди. Қолаверса, коррупцияга қарши курашиш фақатгина битта агентликнинг иши эмас, бу бутун жамиятнинг иши эканига урғу берди.
– Фарзанд туғилганидан бошлаб унинг дунёқарашини шунга қарши шакллантирадиган бўлсак, кейин тарғибот ҳам, комплаенс-назорат ёки жазолар ҳам керак бўлмайди. Фақат тегишли тизимлар бунга унчалик эътибор бермаяпти. Президентимиз маҳаллага янги руҳ берди, яъни катта бир ассоциация ташкил этилди. Демак, ишлар ҳам янгича бўлиши керак. Оилада мана шу иммунитетни қандай қилиб шакллантириш бўйича оила институти ишлаши керак. Ота-оналарга билим бериш, болаларга шу ғояларни сингдириш зарур. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Сингапур тажрибасини, хусусан, тарбиявий соатлар, ота-оналар билан ишлаш, ўқитувчиларнинг самарадорлик кўрсаткичлари – ҳаммасини ўқув дастурларига киритиши керак. Агентлик диний идора, Маънавият кенгаши ва Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорлик қилиши лозим. Ҳамма ўйлаши керакки, бу ҳисобот ҳаммага тааллуқли. Айниқса, оммавий ахборот воситалари катта куч ва бундан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ, – деди Т.Норбоева.
Сенаторлар коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга оид таклифларни ҳам муҳокама қилди. Савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА