2024 йил 2 июлда “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун мазмун-моҳияти ҳақида Сенат аъзоси Қувондиқ Санақулов қуйидагиларни сўзлаб берди:
—Республикамизда давлат мулкини ижарага бериш тизими янада такомиллаштирилди. Соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, давлат мулкини самарали бошқариш борасида қатор тизимли чоралар кўриб келинмоқда.
Шу билан бирга, амалда давлат мулкидан самарали фойдаланмаслик ва уни ижарага бериш тартибини бузиш билан боғлиқ қоидабузарликлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Жумладан, давлат мулки объектларини балансда сақловчилар томонидан давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузиш ҳолатлари мавжудлиги, жумладан, ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириш ва ижара тўловини яшириш каби ҳолатлар юзага келмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2022 йилда 595 (38,2 минг квадрат метр) ва 2023 йилда 581 та (129,8 минг квадрат метр) ҳолатда давлат мулкини ижарага бериш тартиби бузилгани учун балансда сақловчилардан ижара тўлови давлат мулкидан фойдаланилган даврда унинг икки баравари миқдорида, яъни 1,8 миллиард сўм ундирилган.
Шунга кўра “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва бу борада жавобгарликни кучайтириш белгиланган.
Қонун билан давлат мулкини ижарага бериш тартибига риоя этмаганлик, бўш турган давлат мулкидан самарали фойдаланиш бўйича чоралар кўрмаганлик, шунингдек, давлат мулкини ижарага олган тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 215-8 модда киритилди.
Давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига ҳам ўзгартириш киритилиб, 215-8 моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга доир ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Ҳуқуқбузарликка оид маъмурий баённомалар Рақобат қўмитасининг мансабдор шахслари томонидан расмийлаштирилади.
Қонун давлат мулкини ижарага беришда йўл қўйилаётган қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш имконини беради.
Шу билан бирга, қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкидан самарали фойдаланилишини, ижарага олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА