Навоий вилояти ҳокимлигида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Юртбошимиз фармонига кўра давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ соҳа вакилларига мукофотлар тантанали топширилди.
Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришилаётган ютуқлар, яратилган шароит-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли равишда ўсган. Жумладан, 2020 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари томонидан 11,9 триллион сўмлик маҳсулотлар етиштирилган бўлса, 2025 йилда 24,3 триллион сўмлик маҳсулотлар етиштирилиб, ўсиш суръати 2 баробарга кўпайган.
2020 йилда пахтачиликда ҳосилдорлик 31,2 центнерни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ўртача ҳосилдорлик 44,5 центнерга етказилди. Шунингдек, ғаллачиликда ўртача ҳосилдорлик 54,5 центнердан 84,6 центнерга етди.
2020-2025 йилларда жами 50 минг гектар фойдаланилмаётган ерлар ўзлаштирилиб, қўшимча 450 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Биргина жорий йилнинг ўзида 20 минг гектар янги ер ўзлаштирилиб, 160 минг тонна маҳсулот етиштирилди.
Вилоятда чорвачиликни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда вилоятга Мўғулистон давлатидан 21 та тадбиркор томонидан 22 минг бош “Баят” зотли қўйлар олиб келинди. 2026 йилда эса яна 70 минг бош худди шу зотли қўйлар олиб келиш режалаштирилган.
[gallery-26669]
Вилоятда 15,6 минг гектар боғ ва узумзор барпо этилиб, 114,7 минг тонна мева ва 93,9 минг тонна узум етиштирилди.
Тадбирда мукофот соҳиблари сўзга чиқиб, ўз миннатдорликларини билдирди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари