Навоий вилоят ҳокимлигида мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг фармонига мувофиқ муносиб меҳнатлари учун Ватанимизнинг юксак мукофотлари, орден ва медалларига сазовор бўлган бир гуруҳ ҳамюртларимизга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, халқ хўжалигининг барча соҳаларини ривожлантириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Тадбирда Президент фармонига кўра тақдирланган юртдошларимизга давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали топширилди.
[gallery-25008]
– Бир неча йиллардан буён Республика тез тиббий ёрдам марказининг Навоий вилоят филиали Хатирчи туман тез тиббий ёрдам станциясида навбатчи фельдшер бўлиб ишлаб келмоқдаман – дейди II даражали “Саломатлик” ордени соҳибаси Насиба Содиқова. – Бугун барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кенг кўламда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Соҳани ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Президентимиз мени II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирлади. Бу менга юксак масъулият юклайди ва мен бу ишончни, ,албатта, оқлайман.
Шунингдек, тадбирда самарали меҳнатлари ва юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожидаги фаол иштироки учун турли соҳа вакиллари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари