Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Жумладан, Бухоро вилоятидан ҳам 17 нафар фаоллар давлатимизнинг ана шундай юксак мукофотларига сазовор бўлди. Тақдирланганлар сафида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар ходимлари, ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқлари илғорлари, илм-фан, таълим соҳалари фидойилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбий хизматчилар, жасоратли ватандошлар, ёшлар вакиллари бор.

Бугун ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш тадбирида давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, давлат ва жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни мустақиллик байрами билан қутлади ва халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди.

Ушбу эътироф юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигининг ўзига хос намунаси эканлиги таъкидланди.

Мард ва матонатли халқимиз томонидан амалга оширилган оламшумул ишлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора чирой очиб, ободликка юз тутди. Аҳолининг ҳаёт даражаси ва турмуш сифати юксалди.
Тадбирда сўзга чиққанлар камтарона хизматлари юксак қадрланиб, давлат мукофотига муносиб кўрилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.