Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан, Президент фармонига асосан, Сирдарё вилоятида бир гуруҳ ҳамюртларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллар билан тақдирланишди.
Мукофотларни топширишдан олдин вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар алоҳида эътироф этилаётганини таъкидлади.
[gallery-25134]
– Бу мукофотни нафақат менга, балки фан ва таълим соҳасида хизмат қилаётган барча илмий ва маънавий фидойиларга берилган деб биламан, – деди тадбирда сўз олган «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, мумтоз адабиётимиз билимдони, етук олим устоз Ваҳоб Раҳмон.
Шунингдек, маросимда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган Гулистон туманидаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Дилмурод Гулмуродов ватанни улуғловчи ўз термаларидан ижро этди. Унинг ёқимли ижроси тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири