Бухоро шаҳрида мактабгача таълим тизимида салмоқли ишлар амалга оширилиши натижасида болажонларнинг боғчаларга қамров даражаси 107 фоизни ташкил қилмоқда.
Байрам арафасида Бухоро шаҳрида иккита мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Авваллари таъмирталаб ҳолатда бўлган ушбу муассасалар бугун буткул янгича, замонавий ва қулай кўринишга эга бўлиб, болалар учун ҳақиқий тарбия ва ривожланиш масканига айланди.


Хусусан, Алишер Навоий маҳалласида 150 ўринли 2-сон мактабгача таълим муассасасида бюджет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард сўм эвазига “Қурилиш Парвоз хизмати” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу жараёнда бино фасади, ички муҳандислик тармоқлари, иситиш тизими, пол қопламалари ва бошқа зарур инфратузилма тўлиқ янгиланди.

Шунингдек, Раззоқ Ҳамроев маҳалласида жойлашган 220 ўринли 47-ДМТТ ҳам болажонлар учун яна эшикларини очди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида аҳолининг фаол иштироки ҳисобидан муассаса мукаммал таъмирланди.

Тантанали тадбирда шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов иштирок этди. Устоз ва мураббийларни байрам билан қутлаб, янги ва замонавий кўриниш касб этган муассасанинг ёш авлод таълим тарбиясидаги ўрни, улар учун яратилаётган шароитлар хусусида тўхталди. Мазкур таълим-тарбия маскани 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига замонавийлик касб этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.