Санъат ва маданият соҳаси инсоннинг маънавий-маданий руҳиятини юксалтириш, эстетик дидини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Шундай экан, юртимиздаги маданият ташкилотлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада ижодий ҳамкорлик ва эркинликни таъминлаш, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш долзарб аҳамиятга эга.
Мазкур йўналишда Самарқанд вилоятида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида давлат театрларида 815 та спектакль сеанслари ўтказилган.

Шунингдек, театрлар томонидан 8 та хорижий, 14 та маҳаллий гастроль сафари ташкил этилган. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари 5 турдаги (қашқар рубоби, дутор, доира, най, ғижжак) 311 та миллий мусиқа чолғулари тўпламлари билан таъминланган. 2024-2025 йилда 14 та туман ва шаҳарда 1 тадан намунали маданият маркази ташкил этилган.
Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан жойларда мавжуд давлат маданият муассасалари, уларнинг эксплуатация ҳолати, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати Самарқанд вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган эди. Мазкур ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда депутатлар соҳада эришилган ютуқлар билан бирга, айрим камчиликлар кузатилганини қайд этдилар. Давлат маданият муассасалари, уларнинг эксплуатация ҳолатини янада яхшилашга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш бўйича таклифлар, тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, жойларда маданий фаолият соҳасига оид муносабатларни янада тартибга солиш мақсадида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА