Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Келажак давлат корхоналарида ахборот технологиялари” мавзусида семинар ўтказилди.
Вазирлик ва “UzAssets” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Рақамли технологиялар вазирлиги, Киберхавфсизлик маркази, KPMG ва халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда давлат корхоналари вакиллари иштирок этди.
Унда давлат корхоналарини рақамлаштириш соҳасидаги трансформациялар, янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда IT архитектурасини шакллантиришнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди.
“UzAssets” АЖ раҳбарияти томонидан иштирокчиларга давлат корхоналарини муваффақиятли рақамли трансформация қилиш муаммоларини бартараф этиш бўйича стратегик ечимлар ва жорий ташаббуслар ҳамда давлат корхоналарида IT архитектурасини шакллантириш ёндашувлари бўйича ишлаб чиқилган методология тақдим этилди.
Шунингдек, киберхавфсизлик сиёсати ва процедуралари, давлат компанияларида ахборот ресурслари хавфсизлигини таъминлаш учун маълумотларни ҳимоя қилиш усуллари ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари, муҳим бизнес жараёнларининг узлуксизлигини қўллаб-қувватлаш учун IT инфратузилмаси ландшафтининг юқори ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, сунъий интеллект, блокчейн ва бошқа шу каби илғор технологияларни бирлаштириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Муҳокама давомида давлат корхоналари тизимига босқичма-босқич жорий этиш мақсадида ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасидаги долзарб масалалар ва ютуқлар таҳлил қилинди.
Тадбир якунида иштирокчиларга давлат корхоналарида рақамли трансформация ва ахборот-коммуникация муҳитини янада такомиллаштириш бўйича қатор тавсиялар берилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА