Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчилари учун давлат тилида иш юритиш ўқув курслари очилди
12:44 / 2020-02-13

Марказда ўқув машғулотлари давлат ташкилотлари ходимлари учун тўлов-шартнома асосида, аҳоли учун бепул ўтказилади.


Марказда ўқув машғулотлари давлат ташкилотлари ходимлари учун тўлов-шартнома асосида, аҳоли учун бепул ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида “Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази” ташкил этилди.

Марказ фаолиятини белгиловчи барча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, жумладан, марказ низоми, ўқув режалари, ўқув дастурлари, тингловчилар учун мўлжалланган махсус иш дафтари, ҳар бир мавзу бўйича тақдимот материаллари ишлаб чиқилди.

Марказ 144 соатлик ўқув дастури асосида тингловчиларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, ўзбек адабий тили меъёрлари ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича билим, кўникма ва малакаларини такомиллаштиради. Бу курснинг бошқа малака ошириш курсларидан фарқи шундаки, тингловчилар учун алоҳида иш дафтари яратилди. Бунда тингловчи аудиторияда олган билимларини иш дафтарида берилган топшириқлар, машқлар асосида мустақил равишда мустаҳкамлаб боради. Бундан ташқари, ҳар бир мавзу учун тақдимот материаллари (аудио, видео топшириқлар) ишлаб чиқилган. Яъни, мустақил таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

Шу билан бирга, марказнинг алоҳида сайти яратилмоқда. Унда тингловчилар учун асосий маълумотлар билан бирга, малака оширишнинг онлайн тизими учун электрон материаллар жойланади. Тингловчилар ишдан ажралмаган ҳолда малака оширганликлари сабабли бошқарув идораларидаги ҳужжат намуналаридан машғулотларга олиб келишади ва реал вазиятлар орқали ўқитувчи раҳбарлигида камчиликлар бартараф этилади.

Курс 2 хил йўналишда – давлат ташкилотлари ходимлари учун ва кенг аҳоли қатлами учун ташкил этилади.

Давлат ташкилоти ходимлари учун ташкил этиладиган ўқув курси “Ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш”, аҳоли учун ташкил этиладиган ўқув курси “Ўзбек адабий тилининг ёзма нутқ меъёрлари”, деб номланди.