Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат харидида кичик бизнеснинг ҳиссаси ортмоқда
19:51 / 2015-11-20

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан кичик бизнес субъектларини давлат харидлари тизимига жалб этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан кичик бизнес субъектларини давлат харидлари тизимига жалб этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Савдо-саноат палатаси, Республика Товар-хомашё биржаси масъул ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имтиёзлар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари, Ғазначилик бошлиғи Б.Ашрафхонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 7 февралдаги «Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида»ги қарори давлат харидлари тизимини такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлади.

Давлат харидлари тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, бу борадаги ҳуқуқий базани янада чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар харидлар жараёни очиқлигини оширадиган механизмларни жорий этиш, танлов тартиб-таомилларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 26 мартдаги қарори билан «Ўзбекистон Республика Товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.

Низомга асосан электрон каталогда харид қилинадиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат харидлари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан белгиланиши ва битта шартнома бўйича 100 минг доллардан ортиқ бўлмаган товарлар харид қилиниши белгилаб қўйилди.

Кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давлат харидлари жараёнида рақобат муҳитининг ривожланиши, давлат бюджети маблағларидан оқилона фойдаланишда муҳим омилга айланмоқда. 2011 йилда давлат харидлари бўйича электрон савдоларда товар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар томонидан ўртача иккитадан таклиф келиб тушган бўлса, бугунги кунга келиб ҳар бир талабномага олтитагача етказиб берувчи қизиқиш билдирмоқда. Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида 101,4 миллиард сўм миқдоридаги бюджет маблағи иқтисод қилинди.

2014 йилда давлат харидлари бўйича тузилган битимларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларининг улуши 99 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 99,9 фоизга етди.

Давлат харидлари жараёнини янада тезлаштириш, соддалаштириш, уларга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан электрон каталог тизими жорий этилди. Барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган мазкур савдо майдончаси орқали ўтган даврда 36,5 миллиард сўмлик битим тузилиб, 9,5 миллиард сўм давлат бюджети маблағи иқтисод қилинишига замин яратилди.

Давлат харидлари тизимини такомиллаштиришда халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда. БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда бюджет тизими ислоҳоти» лойиҳаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни, Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг 2015-2025 йилларда давлат харидлари тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси лойиҳалари ишлаб чиқилгани шулар жумласидандир.

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини давлат харидлари жараёнига янада фаол жалб этиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.