Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими барқарорлик ва адолат тамойилларига кўра қайта кўриб чиқилмоқда. Жорий йилнинг охирида қабул қилинган ва 2026 йил 1 январдан кучга кирган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан ўзгартириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Янги тизим давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали фуқароларни ижтимоий хавфлардан кенг қамраб олишни кўзда тутади. У мажбурий ва ихтиёрий суғурта шаклларини ўз ичига олади: мажбурий суғурта давлат бюджетидан шаклланадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан амалга оширилади, ихтиёрий суғурта эса фуқароларнинг ўз ихтиёри билан тўланадиган бадаллар орқали йўлга қўйилади.
Янги тизим 2026 йилдан бошлаб фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, расмий иш билан банд бўлишни рағбатлантириш ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида кўплаб муҳим янгиликларни жорий этмоқда.
Янги тизимда нафақалар проактив тарзда, яъни фуқаролар мурожаат қилмасдан автоматик равишда тайинланади ва тўланади. 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, июль ойидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари шундай тарзда амалга оширилади.
Ушбу янгилик аҳолининг, айниқса аёллар, расмий иш билан банд бўлган барча фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя даражасини сезиларли даражада оширади. Илгари ҳамма нафақалар иш берувчилар зиммасида бўлгани муносабати билан хусусий секторда ишловчи кўплаб ходимлар тўлиқ ижтимоий кафолатлардан фойдалана олмас эди, кўп ҳолларда дискриминация бўлган ҳолатлар ҳам кузатилган. Янги тизим бу камчиликларни бартараф этади.
[gallery-27275]
Янги қонун ва жорий этилган тизимнинг асосий мақсади фуқароларни ижтимоий хавф-хатарлардан сезиларли даражада ҳимоя қилиш, уларнинг даромадларини сақлаб қолиш ва камбағалликнинг олдини олишдир. Бу нафақалар нафақат моддий қўллаб-қувватлаш, балки ижтимоий барқарорликни таъминлаш воситаси ҳам ҳисобланади.
Шунингдек, тизим расмий бандликни рағбатлантиради, чунки нафақалар суғурта стажига боғлиқ равишда берилади. Шу тариқа, фуқароларнинг расмий иш билан банд бўлиши уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлайди.
Янги тизим жорий этилганидан сўнг биринчи эксперимент даврида — 2026 йил 1-15 январь кунлари — ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича 8,9 мингта касаллик варақаси келиб тушган. Улардан 5,4 мингтасига (тахминан 60 фоиз) 62,5 млрд. сўм миқдорида нафақалар тайинланган, бу жамғарманинг ижтимоий хавфларга қарши самарали равишда фаолият кўрсатишидан далолат беради.
Янги давлат ижтимоий суғурта тизими — бу фақат моддий тўловлар механизми эмас, балки ижтимоий адолат, шаффофлик ва барқарорликни таъминловчи, инсон қадрини юқори қўйган тизимдир. У фуқароларнинг ҳаётдаги қийин вазиятларда ўзини муҳофаза қилиш имкониятини кенгайтириб, мамлакат ижтимоий сиёсатининг самарадорлигини оширади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий ислоҳотлар инсон манфаатини биринчи ўринга қўяди. Давлат ижтимоий суғурта тизимининг янги тартибда жорий этилиши аҳолини кенг қамраб олиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва фуқароларнинг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Янги тизимда 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, июль ойидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланади, –дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳамеджонова. – Бу нафақалар автоматик, электрон тарзда, фуқаролардан мурожаат талаб қилмай проактив шаклда амалга оширилади. Янги тизим нафақат молиявий қўллаб-қувватлашни таъминлайди, балки камбағалликнинг олдини олиш, расмий иш билан бандликни рағбатлантириш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, иш берувчиларнинг молиявий юки камаяди ва улар ўз ресурсларини иш ўринлари яратишга йўналтириши мумкин. 2026 йилда Бюджет ташкилотларида қарийб 2,2 миллион фуқаро, хусусий секторда 3,6 миллиондан ортиқ фуқаро, якка тадбиркорлар ва норасмий секторда 7 миллиондан ортиқ фуқаро нафақалар билан қамраб олинади.
2026 йил 1-15 январь кунлари ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича 5,4 минг касаллик варақаси бўйича 62,5 миллиард сўм миқдорида нафақалар тайинланган. Қолган варақалар бўйича таҳлил ва текшириш ишлари давом этмоқда. Фуқаролар нафақа ҳақида SMS-хабарнома орқали хабардор қилинади. Унинг тўлиқ рақамлаштирилгани ва проактив тарзда ишлаши аҳамиятли.
Нафақалар автоматик равишда тайинланади, бюрократик тўсиқлар камаяди ва инсон омилини минималлаштириш мумкин бўлади. Бу тизим давлатнинг фуқаро олдидаги масъулиятини, инсон қадри ва ижтимоий адолатни амалда кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА