Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат ижтимоий буюртмаси танловида 13 та лойиҳа ғолиб бўлди
19:15 / 2025-09-20

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари томонидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ижтимоий шериклик асосида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида маҳаллаларнинг инфраструктураси яхшиланмоқда, ҳудудларда экология, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, коррупцияга қарши курашиш каби соҳаларда узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилмоқда, аҳоли вакилларининг фаровонлиги ошмоқда.

Куни кеча Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолибларига сертификатлар топширилди.

Жамоат фонди томонидан давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, таълим, маданий мерос, аҳоли муҳофазаси, жамоатчилик назорати каби соҳалардаги ижтимоий буюртмалари учун умумий қиймати 24 миллиард сўм бўлган давлат ижтимоий буюртмаси танлови эълон қилинган эди. Мазкур танловга фуқаролик жамияти институтларидан жами 106 та ариза келиб тушган ва Парламент комиссияси хулосасига кўра, улардан 13 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

[gallery-25377]

Ўтган 2024 йилда давлат ижтимоий буюртмаси танловига 57 та ташкилотдан келиб тушган лойиҳаларнинг 12 таси ғолиб деб топилиб, 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган эди.

Бу галги танлов ғолибларига сертификатлар топшириш маросимида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигининг аҳамияти, ижтимоий шерикчилик асосида амалга оширилган муҳим лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.  

Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, давлат ижтимоий буюртмасини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар ngo.gov.uz ягона электрон платформасида шаффош тарзда амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ғолиб деб топилган лойиҳалар давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шериклик асосида амалга оширилиб, турли соҳалардаги ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар ечимига хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова,

Рустам Назарматов (сурат),

ЎзА