French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив назорат механизмлари кучайтирилмоқда
16:22 / 2025-10-28

Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Давлат иштирокидаги корхоналар Кузатув кенгашлари мустақил аъзоларининг иккинчи халқаро форуми ўтказилди.

Унда маҳаллий ва хорижий экспертлар, масъуллар, Кузатув кенгашлари мустақил аъзолари ва ишбилармонлар иштирок этди.

Форумда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев, ЕТТБнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси директори ва раҳбари Анди Аранитаси ва бошқалар Ўзбекистон ҳукуматининг давлат улуши мавжуд корхоналарни ислоҳ қилиш ва уларда замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари амалий натижалар бераётганини таъкидлади.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев қайд этганидек, бугунги кунда давлат иштирокидаги корхоналарда амалга оширилаётган ислоҳотлар корпоратив бошқарувни такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалардан биридир. 

[gallery-25950]

–Бир йил аввалги учрашувимиздан буён корпоратив бошқарув тизимини ривожлантириш, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кучайтириш бўйича салмоқли натижалар қўлга киритилди. Кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари меҳнати натижасида самарали корпоратив назорат механизмлари жорий этилди, менежментнинг ҳисобдорлиги оширилди, хавф-хатарларни бошқариш тизими яхшиланди ва ички аудит амалиёти такомиллаштирилди. Шунингдек, илк бор еттита йирик давлат компанияси ESG баҳолашидан ўтди ва ўз ESG рейтингларини эълон қилди. Бу эса мамлакатимизда корпоратив шаффофлик, барқарор ривожланиш ва масъулиятли бошқарув тамойилларини жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Корпоратив қарор қабул қилиш жараёнларида холислик, манфаатлар мувозанати ва профессионал ёндашув таъминланяпти. Бу эса молиявий ва номолиявий ҳисоботлар сифатининг ошиши, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ички корпоратив тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ва масъулиятли бошқарув маданиятини шакллантиришда ўз ифодасини топмоқда. Молиявий ҳисобот стандартларини халқаро меъёрларга тўлиқ мослаштириш, корпоратив ахборот ошкоралиги ва очиқликни янада кучайтириш, ички назорат ва корпоратив аудит тизимларини янада такомиллаштириш, кузатув кенгашлари аъзолари ва менежмент малакаларини оширишни давом эттириш, хусусийлаштириш жараёнларини очиқлик ва рақобат тамойиллари асосида амалга ошириш яқин истиқболдаги устувор вазифаларимиздан. Иқтисод ва молия вазирлиги корпоратив бошқарувни янада модернизация қилиш учун қулай институционал муҳит яратиш, тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва корпоратив идоралар фаолиятида илғор халқаро тажрибаларни жорий этишни изчил давом эттиради, – деди Х.Мустафоев.

ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ва раҳбари Анди Аранитаси ўз сўзида Ўзбекистон ҳукуматининг давлат улуши мавжуд корхоналарни ислоҳ қилиш ва уларда замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

– ЕТТБ 2019 йилдан буён мамлакатдаги ислоҳотларга техник кўмак ва маслаҳат лойиҳалари орқали амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, банк давлат корхоналарини бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқишда, давлат активларини бошқариш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришда ҳамда корпоратив бошқарув соҳасида муҳим ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этди. Шу билан бирга, ЕТТБ давлат корхоналарининг молиявий интизомини кучайтириш ва хусусий сектордаги бошқарув маданиятини оммалаштиришни ўзининг устувор йўналишларидан бири, деб ҳисоблайди. Ўтган йилларда мамлакатингизда амалга оширилган ислоҳотлар қонуний база, корпоратив бошқарув амалиёти ва давлат идораларининг институционал салоҳиятини сезиларли даражада яхшилади. Ислоҳотларнинг асосий мақсади давлат корхоналарини иқтисодий жиҳатдан барқарор, молиявий жиҳатдан мустақил ва инвестициявий жозибадор тузилмаларга айлантиришдан иборат. Бу эса уларга капитал бозорларига мустақил чиқиш, халқаро рейтинг агентликларидан баҳолар олиш ва давлат бюджетига бўлган юкни камайтириш имконини беради, – деди Анди Аранитаси.

Форум якунида таъкидланганидек, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини янада яхшилашда нафақат қонунларни қабул қилиш, балки корпоратив бошқарув стандартларини амалда тўлиқ жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда асосий вазифа ислоҳотларни корхона даражасигача етказиш, раҳбариятнинг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, хавф-хатарларни бошқариш тизимини мустаҳкамлаш ва корпоратив шаффофликни таъминлашдан иборат. 

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА