Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат иштирокидаги корхоналар 73 та вазирлик ва идоралар томонидан бошқарилмоқда
20:44 / 2021-12-15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида давлат мулкига эгалик қилиш, бошқариш соҳасида илғор хорижий тажриба ва амалиётга таянган ҳолда яхлит, тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона нормалар назарда тутилмоқда. Шунингдек, давлат мулкига эгалик қилишнинг аниқ мезонларини белгилаш мақсадида лойиҳада давлат мулкига эгалик қилишни асослаш принциплари белгиланмоқда.

— Бугунги кунда юртимизда давлат иштирокидаги корхоналар 73 та вазирлик ва идоралар томонидан бошқарилмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЭСР)нинг Давлат корхоналари учун корпоратив бошқарувнинг асосий тамойилларига асосан давлат мулки ягона ваколатли орган томонидан бошқарилиши энг яхши тажриба ҳисобланади, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Аъзамжон Тўлабоев. 

— Франция, Финляндия, Норвегия, Хитой, Сингапур, Малайзия, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда давлат мулки махсус идора ёки давлат холдинги томонидан бошқарилади. Шундан келиб чиқиб, лойиҳада давлат мулкини бошқариш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида Давлат активларини бошқариш агентлигини белгилаш ва унинг асосий ваколатларидан бири сифатида давлат мулкини бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш назарда тутилмоқда.

Йиғилишда қўмита аъзолари қонун лойиҳасидаги нормаларни депутатлар берган таклифлар асосида маромига етказди. Айрим моддалар қизғин муҳокама қилиниб, такомиллаштирилди.

Қайд этилганидек, лойиҳадаги нормалар билан Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳар йили 1 августга қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўтган йилги фаолияти натижалари тўғрисидаги йиғма ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Ўзбекистон Республикаси Президентига, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши ва веб-сайтида эълон қилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашни жорий қилиш ҳамда давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари ўз аксини топмоқда.

Қўмитада қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА