Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий маълумотлари очиқ бўлиши талаб қилинмоқда
Эндиликда давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги маълумотлар очиқ бўлиши қонунан талаб этилади.
Эндиликда давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги маълумотлар очиқ бўлиши қонунан талаб этилади. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида уларнинг улуши мавжуд бўлган корхоналар, бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлари ва асосий маълумотларни жойлаштириш мажбурий этиб белгиланиши кутилмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори лойиҳаси муҳокама учун қўйилмоқда.
Қарор лойиҳасида:
вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) функциялари амалга оширилаётган давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав фонди (устав капитали), давлат улуши, йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, ишчи ўринлари сони, корхоналар бошқарув ва назорат органлари таркиби тўғрисидаги асосий маълумотларни жойлаштириш;
2020 йил якунлари бўйича давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг иқтисодий ва молиявий натижалари, шунингдек бошқа статистик маълумотлар фаолият натижалари тўғрисидаги йиғма ҳисоботни Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий веб-сайтида жойлаштириш;
2021 йил 1 январдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти бўлиши, унда иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик маълумотларнинг жойлаштирилиши;
давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида уларнинг улуши мавжуд бўлган корхоналар, бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлари ва асосий маълумотларни жойлаштириш талабини киритиш кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати, давлат иштирокидаги корхоналар расмий веб-сайтларида маълумотларнинг мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ марта) ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилмаганлиги ва Агентликка тақдим этилмаслиги ижро этувчи орган раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишга олиб келади.