АОКАда Инновацион ривожланиш агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда тақдим этилган маълумотларга кўра, илм-фан ва инновацион фаолият субъектлари йилдан-йилга сезиларли ўсиб бориши фонида давлат илмий дастурлари доирасида эълон қилиб келинаётган танловларга ҳам аризалар сони кескин ошмоқда.
Хусусан, 2024 йилда танловларга келиб тушган аризалар сони 2023 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошган. Келиб тушган аризаларни регламентда белгиланган муддатларда сифатли кўриб чиқишни таъминлаш жараёнини рақамлаштиришсиз тасаввур қилиш қийин.
Айнан шу мақсадда Агентлик томонидан Давлат илмий дастурларининг ягона электрон платформаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур платформа ҳозирда 10 минг нафарга яқин фойдаланувчига хизмат кўрсатмоқда.
Аризалар сони йилдан-йилга ошиб боришига қарамай, жараёнларни рақамлаштириш асосида аризани кўриб чиқиш муддатини қисқартиришга эришилмоқда. Хусусан, 2023 йилгача аризаларни кўриб чиқиш муддати ариза келиб тушишидан бошлаб лойиҳалар молиялаштирилгунига қадар ўртача 8 ойдан 14 ойгача давом этган бўлса, 2024 йилда ушбу давр 5 ойдан 9 ойгача қисқартирилди.
Аризаларни кўриб чиқиш жараёнлари соддалашди, инсон омили камайди, ишлаш вақти ва қоғозли жараёнлар ҳам камайтирилди. Барча жараёнларни онлайн кузатиш, маълумотлар таҳлили асосида қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА