Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш ислоҳотлар муваффақиятини белгилайди
23:51 / 2022-11-03

Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавийнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 3 ноябрь куни пойтахтимизда “Quality Award” Ўзбекистон Республикаси давлат органлари самарадорлиги мукофоти” дастурининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Бирлашган Араб Амирликлари Вице-Президенти ва Бош вазири Шайх Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум ташаббуси билан амалга оширилаётган, давлатни ривожлантириш сиёсатининг ажралмас қисми ҳисобланган мазкур дастур фаровонликни ошириш, БААни соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, таълим ва бизнес соҳалари бўйича дунёдаги энг жозибадор юртлардан бирига айлантиришни кўзлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда БАА ҳукумат ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирни агентлик Бош директори Шуҳрат Вафоев ҳамда БАА делегацияси раҳбари Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий очиб берди.

Ўзбекистонда давлат идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш масаласи Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Ш.Вафоев ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур агентликнинг ўтган қисқа вақтда амалга оширган ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбирда “Ўзбекистон давлат органлари самарадорлиги мукофоти” дастури видео лавҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Шундан кейин тадбир алоҳида йиғилишлар, эксперт мунозаралари шаклида давом эттирилди. “Илғор тажриба ва сифатни илгари суришда етакчиликнинг ўрни”, “БАА давлат органларининг давлат бошқаруви сифати соҳасидаги муваффақиятлари тарихи” мавзуларида маърузалар тингланди. Амирликлар ва Ўзбекистон мутахассислари “Давлат бошқаруви самарадорлигининг мамлакат рақобатбардошлигига таъсири”, мавзусини муҳокам қилишди.

Дастур давлат идораларини самарали бошқаришда Бирлашган Араб Амирлигида орттирилган самарали тажрибани мамлакатимизда жорий қилишни назарда тутади. Шунингдек, мазкур дастур давлат идоралари салоҳиятини кучайтириш, маъмурий ресурслар оптимал даражада тақсимланишини таъминлаш, ривожланишнинг миллий стратегик мақсадларига эришиш учун идоралараро ҳамкорликни яхшилашга қаратилган.

Давлат идоралари самарадорлигини баҳолаш, вазирлик, идоралар ходимларини самарали давлат бошқаруви бўйича ўқитиш, самарадорликни баҳолашда ўзбек услубини ишлаб чиқиш, давлат хизматчиси салоҳиятини ошириш ва улар фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби босқичларни ўз ичига олган.

Тадбир давомида “Ёш етакчилар” дастури биринчи босқичи иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

2021 йил 8 декабрда йўлга қўйилган “Ёш етакчилар” дастури концепцияси Ўзбекистон Республикасининг турли вазирлик, муассасаларида меҳнат қилаётган ёш мутахассисларни Амирликлар ҳукумати давлат идораларига раҳбарлик таркиби учун кадрлар тайёрлашда қўлланаётган услублар бўйича БАА давлат муассасаларида стажировка ўташини назарда тутади.

С.Раҳимов, 

ЎзА мухбири