Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлардан кимлар фойдаланиши мумкин?
14:03 / 2023-09-07

Ҳуқуқий муносабат

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш истагини билдирган адвокатлар билан шартномалар тузиш бошланди.  

Хўш, бунинг учун адвокатлар қаерга мурожаат қилиши мумкин? Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар кимларга керак бўлади?  

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.  

–Ушбу қонуннинг мақсади давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Мазкур қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагиларни ўз ичига олади. Жумладан, қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, шаффофлик, холислик, касбий маҳорат ва билимга эгалик, камситишга йўл қўймаслик, адвокатнинг касб этикаси қоидаларига ва адвокат қасамёдига қатъий риоя этиш, адвокатлик сирига риоя этиш ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳисобланади.  

Қонундаги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш асослари ва тартибига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.  

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларга кимлар киради?  

Кам таъминланган шахслар, агар улар фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар, маъмурий ишлар бўйича аризачилар, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишлари мумкин.  

–Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қандай?  

–Ушбу шахслар қонунда белгиланган тартибда ва ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олишга ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни қабул қилиши ёки рад этишга ҳақлидирлар. Улар ўзларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этилишини талаб қилиш ҳамда махсус ваколатли давлат органи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига ҳам эга.  

Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар юридик ёрдам олиш учун мурожаат қилганда ҳаққоний ва тўлиқ ахборот тақдим этиши, ёрдам кўрсатилишига таъсир этувчи ҳолатлар тўғрисида махсус ваколатли давлат органини ўз вақтида хабардор қилиши, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун ўзлари ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги фактлари тасдиқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.  

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни хоҳловчи адвокатлар e-advokat.uz платформасидаги шахсий кабинети орқали исталган ҳудудий адлия бошқармасига мурожаат қилиши мумкин. Адлия бошқармаси томонидан мурожаат 3 иш кунида кўриб чиқилиб, шартномани имзолаш бўйича таклиф юборилади.  

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА