Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва унга адвокатларни киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари белгиланмоқда. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартиби жорий этилмоқда.
Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш учун масъул давлат органи сифатида белгиланиб, ушбу вазифа унинг тизимидаги юридик хизмат кўрсатиш марказларига юклатиляпти.
Ушбу тартиблар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қизғин муҳокама қилинган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.
Асосий мақсад жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро шартномалар билан кафолатланган ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барқарор ва ишончли давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратишдан иборат.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда давлат томонидан ушбу мақсадда ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назоратни ўрнатишга хизмат қилади.
Фракция аъзолари шунингдек, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиб, қўллаб-қувватладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА