Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари муҳокама қилинди (+видео)
11:48 / 2024-08-29

Қарор ва ижро

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ ҳамкорлигида «Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари: Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибаси» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Тадбирда GIZ томонидан амалга оширилаётган «Самарали бошқарув дастури» доирасида Стратегия лойиҳаси давлат органлари, жамоатчилик вакиллари ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

– Германия 2001 йилдан бери Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда ва сўнгги етти йилда биз ҳукумат ислоҳотларини янада фаол қўллаб-қувватлаяпмиз, – деди Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Михаэл Виммер. – Йил охиригача лойиҳаларимиз, очиқ ва ишлаб турган дастурларимиз бир миллиард евродан ошади. Ушбу дастурлардан бири «Cамарали давлат бошқаруви» дастуридир. Мамлакат тараққиёти, илм-фан ривожи учун энг муҳим блоклар – мустақил ва самарали адлия, молия ва солиқ органларининг коррупциядан холи давлат хизмати қоидаларини амалга оширишдир. Ўзбекистон мазкур йўналишда катта қадамлар қўяётганини кўряпмиз. Бугунги конференция эса барча саъй-ҳаракатларимиз исботидир.

Йиғилишда иштирокчилар таклиф этилаётган ғоя ва ишланмалар Стратегияни янада рўёбга чиқариш ва давлат хизматини мустаҳкамлаш учун асос бўлишига ишонч билдирди.

– «Ўзбекистонда давлат бошқаруви салоҳиятини оширишни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси Латвиянинг Марказий молия ва шартномалар агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Давлат маъмуриятини ислоҳ қилиш жараёни ўтган йил бошланган ва бу учинчи тадбир ҳисобланади, – деди Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги лойиҳаси координатори Иэва Яунземе. – Тадбирда яқинда ишлаб чиқилган инсон ресурсларини ривожлантириш стратегиясини ҳам муҳокама қилдик. Иштирокимизнинг муҳим жиҳати шундаки, Латвия сўнгги 30 йил ичида мустақилликка эришганидан кейин тўпланган тажрибаси ва Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига қўшилиш жараёнида орттирган билимларини ўртоқлашмоқда.

Тадбирга оид жараёнларни қуйидаги ҳаволада кўришингиз мумкин.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/PE3DPiHfpcc" title="Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари муҳокама қилинди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Беҳруз Худойбердиев,

Нишонбой Абдувоитов (видео),

ЎзА