Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат фуқаролик хизматига танловлар меритократия тамойили асосида ўтмоқда
09:53 / 2022-07-28

Бугунги кунда аксарият ташкилотларда ишга қабул қилиш очиқ ва мустақил танловлар орқали меритократия тамойилига асосланган ҳолда амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 7 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилиб, танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирлари Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилоят филиали томонидан 40 дан ортиқ ташкилотларда очиқ ва мустақил танловлар ташкил этиш орқали билимли ва интилувчан шахслар давлат хизматига жалб қилинмоқда.

– Вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали - vacancy.argos.uz орқали амалга оширилади, – дейди Агентликнинг вилоят филиали кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори Бекзоджон Искандаров. – Бу амалиёт ортиқча бюрократиядан ҳоли бўлган электрон платформа сифатида фаолият юритиб, ишга кирмоқчи бўлган шахслар ташкилотма-ташкилот ҳужжатларини кўтариб сарсон бўлиб юрмайди. Турли идоралардан ортиқча маълумотномаларни олиш ҳам талаб этилмайди. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали автоматик тарзда ўз аризасида акс этади.

Бугунги кунга қадар вилоятда 4338 та вакант лавозим бўйича танлов эълон қилинган бўлиб, уларда 29319 нафардан ортиқ номзодлар иштирок этган. 1536 та лавозим бўйича танлов ғолиблари топилиб, улар билан меҳнат шартномалари тузилган.

Очиқ мустақил танловларнинг замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда амалиётга жорий этилиши эса жараёнларда инсон омилининг иштирокини камайтириб, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга ва танловларнинг ўтишида шаффофликни таъминланишга, шу жумладан, номзодларнинг энг муносиби танланишига хизмат қилади.

Вилоятда ушбу мезон асосида турли соҳаларда ўз ишини топган ёшларимиз кўпчиликни ташкил этади.

– Мазкур танловда номзоднинг билим даражаси, салоҳият ва кўникмасига катта эътибор берилди, – дейди вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ҳудудий саноатни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Жамшид Ғаффоров. – Очиқ ва адолатли тест синовлари барча соҳаларни қамраб олганлиги ва суҳбат жараёнининг ҳар томонлама мукаммаллиги янгича кадрлар сиёсатининг муҳим жиҳати бўлди.

Умидли ёшлардан яна бири Тоҳир Тўхтаев Навоий давлат кончилик институтини тугатган. Бироқ охирги 3 йилда муносиб иш топа олмади. Интернет орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали вилоят уй-жой коммунал бошқармасининг 1-чи тоифали мутахассиси лавозимига онлайн тарзда ўз ҳужжатларини топширди.

– Тестлар ҳам онлайн режимда махсус кузатув камералари ёрдамида мутлақо шаффоф тарзда ўтказилди, – дейди Тоҳир Тўхтаев. – Тест якунида натижалар эълон қилиниб, кейинги босқич – суҳбат жараёни ҳам бўлиб ўтди. Унда асосан касбий билим ва дунёқарашни аниқлашга доир саволлар берилди. Суҳбат хулосаси эса шу куннинг ўзида маълум қилинди ва эртаси куни янги жамоада ўз ишимни бошладим.

– Танловда ҳеч қандай коррупцияга йўл қўйиш ҳолати бўлмади, – дейди ёш мутахассис Моҳигул Саидова. – Ўз билимимга таянган ҳолда синовлардан ўтиб, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси этиб тайинландим.

Албатта, амалиётга жорий қилинган кадрлар танлашнинг ушбу янгича тизими тараққиёт барқарорлигини таъминлаш баробарида аҳолининг бошқарув органларига бўлган қизиқиши ва ишончини янада мустаҳкамлайди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА