Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда тажрибали экспертларни жалб қилган ҳолда очиқ танловлар жараёнида номзодларнинг билимини синовдан ўтказиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари учун мўлжалланган ягона “Давлат фуқаролик хизматчиси” тест саволлари тўплами ишлаб чиқилди.
Тест саволлари тўплами миллий қонунчилик, давлат тили, ахборот коммуникация технологиялари, мантиқ ( IQ) йўналишларини ўз ичига олади.
Тест синови давомида номзодга юқоридаги ҳар бир йўналиш бўйича 10 тадан жами 40 та савол ҳавола этилади ҳамда жавобларни белгилаш учун 60 дақиқа вақт берилади. (Аввалги тартибга кўра 40 та саволга 50 дақиқа вақт ажратилган.)
Саволлар тўплами 2 та вазирлик ва 2 та ҳокимлик тизимида апробациядан ўтказилган бўлиб, ташкилотларнинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари ва номзодларнинг таклифлари асосида янада такомиллаштирилди.
Тестлар тўпламидаги саволлар босқичма-босқич Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz платформасига жойлаштириб борилади. Тестлар тўпламидаги саволлар таркиби мунтазам равишда янгилаб борилади.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб, танловларнинг тест синови босқичига ягона ўтиш балли белгиланади.
Бунда номзод томонидан 56 балл тўпланган тақдирда автоматик равишда унинг порталдаги шахсий кабинетига танловнинг суҳбат босқичига ўтганлиги ҳақидаги хабар келади.
Яна бир муҳим янгилик. Эндиликда номзодлар томонидан тест синови жараёнида 56 балл тўпланган тақдирда, улар 3 ой давомида танловларнинг тест синови босқичида иштирок этишлари шарт бўлмайди.
Яъни 1 декабрь куни тест синовига кириб, 56 балл тўплаган номзод 3 ой давомида шу балл билан бошқа вакант лавозимлар учун танловларда иштирок этиши мумкин.
Бунда номзод ҳужжатлари малака талабларига жавоб берган тақдирда автоматик суҳбат босқичига ўтгани юзасидан хабар олади. 55 баллгача тўплаган номзод ўрнатилган тартибда тест синовида қатнашиши шарт бўлади.
ЎзА