Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz)га бугунги кунда 70 давлат органи ва ташкилотлари, 208 туман (шаҳар) ҳокимликлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари уланган.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида ушбу ташкилотлардаги мавжуд вакант лавозимларига 11 минг 926 танлов эълон қилиниб, ушбу танловларда 377 минг 392 нафар номзод иштирок этиш учун ариза юборган. Битта вакант лавозимга ўртача 32 нафар номзод тўғри келган.
Танловларнинг 581 таси – ҳужжат топшириш жараёнида, 2 минг 409 таси ҳужжат топшириш муддати тугалланиб, тест ва суҳбат ўтказиш жараёнида, 9 мингга яқини бўйича эса танлов якунига етди.
Айни пайтда vacancy.argos.uz порталида давлат органлари ва ташкилотларидаги 500 дан ортиқ бўш иш ўринларига очиқ танловлар эълон қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси – 435, Андижон вилояти – 942, Бухоро вилояти – 982, Жиззах вилояти – 589, Қашқадарё вилояти – 960, Навоий вилояти – 555, Наманган вилояти – 608, Самарқанд вилояти – 1 минг 186, Сирдарё вилояти – 456, Сурхондарё вилояти – 879, Тошкент шаҳри – 461, Тошкент вилояти – 1 минг 480, Фарғона вилояти – 834, Хоразм вилояти – 784 ҳамда вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратидаги вакант лавозимларга – 775 танлов ўтказилган.
Якунига етган 8 минг 936 танловнинг 4 минг 484 таси бўйича ходимлар ишга қабул қилинди, 4 минг 452 вакант лавозим учун қайта танлов эълон қилинди.
Танлов ғолибларининг 1 минг 606 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 1 минг 712 нафари аёллар, 725 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этган.
Н.Абдураимова, ЎзА