Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби давлат хизматини ривожлантириш, бунда сифат ва самарадорликни ошириш, тизимга ҳар томонлама малакали, билимли кадрларни жалб қилиш, давлат фуқаролик хизмати тизимининг бирлиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолат, халққа хизмат қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги жавобгарлиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислоҳотларнинг натижадорлиги, уларнинг ҳар бир фуқарога етиб бориши бевосита давлат хизматининг очиқлигига, унда ишлаётган кадрлар салоҳияти ва масъулиятига бевосита боғлиқ. Чунки айнан давлат хизматчилари орқали фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланиб, ўзгаришларга нисбатан муносабати ижобий томонга шаклланади ҳамда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ўз ҳаётида сеза бошлайди.
Халқчил давлат хизматини ислоҳ қилиш
Юртимизнинг барча ҳудудларидаги давлат ташкилотлари ва муассасаларида фуқароларни ортиқча овора қилмасдан бюрократияга чек қўйиш, давлат хизматига салоҳиятли кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантириш зарурати ушбу соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этди.

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги туб ўзгаришларни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Ушбу фармон қабул қилиниши билан, давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгиланиб, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг номи юқорида зикр этилган 2019 йил 3 октябрдаги фармонида мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматининг асосий тушунчалари, регламентлари ва кафолатларини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонун лойиҳасини хорижий экспертларнинг тавсиялари ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.
Давлат фуқаролик хизмати ўзи нима?
Республикамиз раҳбари томонидан 2022 йил 8 августда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун имзоланди ва 2022 йилнинг ноябр ойидан бошлаб кучга кирди. Қонун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни, яъни давлат органлари ва ташкилотлари ўрта бўғин ходимларининг меҳнатини тартибга солади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг давлат органлари ва ташкилотларида жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширадиган ҳақ тўланадиган касбий фаолиятидир. Илгари бундай тушунча йўқ эди, энди фуқаролик ва давлат хизматининг бошқа турларидан нимаси билан фарқ қилиши аниқ бўлди. Умуман олганда, давлат хизмати фуқаролик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, дипломатик ва ҳарбий ёки сиёсий ва носиёсий бўлиши мумкин. Уларнинг ҳар бири ҳуқуқий вазифасига кўра бир биридан фарқланади.
Ҳуқуқшунос олимлар, соҳа масъуллари ва экспертлар томонидан ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор ривожланган давлатларнинг фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибаси ўрганилди ва тегишли жойлари намуна сифатида олинди.

Хорижий мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, Германия, Франция, Нидерландия ҳамда Осиёнинг Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунларида давлат хизматига кириш тартиби батафсил ёритилган. Умуман олганда, давлат фуқаролик хизматига кириш қоидалари тартиби барча дунё мамлакатларида мавжуд. Германия, Польша, Россия, Франция, Япония, Латвия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон мамлакатларининг давлат хизмати тўғрисидаги қонунларида хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, карьераси ўсиши, бошқа давлат лавозимига ўтиши, меҳнатга ҳақ тўлаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш вақти ва меҳнат таътиллари тартибга солинган.
Хўш, ўтган даврда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан нима ишлар амалга оширилди. Ўтган қисқа муддат мобайнида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан биргина “vacancy.argos.uz” платформасининг ишга туширилиши, ишга кирмоқчи бўлган номзодларнинг ташкилотма-ташкилот юриши, ҳужжатларини топшириш учун ортиқча вақт сарфлашининг олдини олиши, шунингдек, вакант лавозимларнинг очиқ эълон қилиниши натижасида ҳамма фуқароларга танловда қатнашиш учун бир хил имконият яратиб берди.
Масалан, жорий йилнинг бугунги кунига қадар Агентликнинг Жиззах филиали томонидан вилоятидаги 45 та ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда 13 та шаҳар ва туман ҳокимликларида мавжуд бўлган 6 минг 811 та вакант лавозим бўйича танловлар эълон қилинган бўлиб, уларда жами 71 минг 168 нафар номзод иштирок этди.
2020 йилда 44 та танловда жами 464 нафар номзод иштирок этган бўлса, 2021 йилдаги 1 минг 383 та танловда жами 12 минг 178, 2022 йилдаги 4 минг 613 та танловда 49 мингдан ортиқ, 2023 йилнинг шу бугунги кунга қадар ўтган танловларда 7 минг 813 нафар номзод қатнашган. Ушбу ўтказилган 177 та танловнинг 57 тасида танлов ғолиблари аниқланган бўлса, 120 тасига қайта танлов эълон қилинган. Шунингдек, яна 89 та танлов турли босқичларда давом этмоқда.
Давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш нима беради?
Ҳозирги тез ўзгараётган ва глобаллашаётган даврда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир давлат хизматчиси ўз устида ишлаб, мунтазам равишда янги билимларни эгаллаб бориши кераклигини тақозо этмоқда. Ривожланган хорижий давлатларда давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш амалиёти узлуксиз турда амалга оширилади. Сифатли таълим қиймат яратишини, яъни таълимга сарфланган харажатлар ташкилотнинг фаолият натижадорлиги ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда таълим жараёнлари ташкил этилади.
Масалан, Францияда Давлат сектори трансформацияси ва фуқаролик хизмати вазирлиги томонидан давлат хизматига олинаётган (танловдан ўтган) мутахассислар бир йил давомида ўқитилади. Уларга давлат бошқарув миссияси, давлат хизматининг мазмун-моҳияти ҳамда замонавий тенденциялар ва ўз соҳасига мос равишда ўзгарувчи қисмлардан иборат таълим жараёни ташкил этилади.
Туркияда давлат хизматчиларининг таълимга бўлган эҳтиёжи ўрганилади ва ҳар бир давлат хизматчиси ўзига керакли бўлган таълим дастурида малака оширади. Жумладан, “Эгитим каписи” малака ошириш платформаси ишга туширилган бўлиб, ҳар бир вазирлик ва идора таълим эҳтиёжидан келиб чиқиб, видеодарслар (видеоконтентлар) тайёрлайди, Инсон ресурсларини ривожлантириш департаменти томонидан мақуллангандан сўнг платформага жойланади. Яъни, давлат хизматчиларига ўз соҳаси учун зарур бўлган билимлар берилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунига асос, давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси оширилишини ва таълим олишини мунтазам равишда ташкил этиш давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига киради.
Давлат фуқаролик хизматини ўташ давомида давлат фуқаролик хизматчилари касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт. Чунки қонундаги энг катта ўзгаришлардан бири ҳисобланган, малака даражаларини беришда малака ошириш курсларини тугатганлиги ҳақидаги сертификат инобатга олинади.
Жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали инспекторлари ҳамда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари томонидан Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокимликларининг 76 нафар масъул ходимлари 6 та йўналиш бўйича ўз соҳаларидан келиб чиқиб малака ошириш курсларини ташкил этди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти, давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари, давлат хизматчилари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими, мулоқот маданияти шунингдек соҳага оид қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларда белгиланган устувор вазифалар, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам зарурий тушунча ва маълумотлар берилди.
Шунингдек, Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари Тошкент шаҳрида ташкил қилинган малака ошириш курсларида инвестицияларни жалб қилиш, лалми ҳуддуларда интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, тоғ-кон соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, ёшларни IT соҳаси ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жалб қилиш бўйича ҳам малака ошириш курсларида қатнашди.
Агентлик ташкил қилиниши натижасида бир неча йиллар давомида малака оширмаган, ўз устида ишламаган соҳа мутахассислари, қуйи ва ўрта бўғин давлат хизматчиларининг 5 минг нафарга яқини масофадан туриб малакаси оширилди ва махсус сертификатларга эга бўлди.
Таъкидлаш лозимки, давлат фуқаролик хизматчиларини бугунги кун талаблари асосида бошқаришда бир қатор янгича ёндашувлар талаб қилинади. Инсон ресурсларини тайёрлашни режалаштириш, касбий компонентни ошириш, ўз касбига лаёқатлиларни аниқлаш, салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш, раҳбарлик лавозимлари ошишида билимга эътибор бериш, малака оширишнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини ишлаб чиқиш, одоб-аҳлоқ меъёрларига бўйсуниш, давлат ташкилотларида соғлом маънавий-психологик муҳитни шакллантириш шулар жумласидандир.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун давлат фуқаролик хизмати тизимида ягона сиёсатни юритиш, давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги муносабатларни тартибга солган концептуал ҳуқуқий ҳужжат сифатида давлат фуқаролик хизматида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Энг асосийси, қонун давлат фуқаролик хизмати тизимидаги барча давлат органлари ва ташкилотларида ягона сиёсатни юритиш имконини берди.
Эркин Халбутаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги Жиззах вилояти филиали раҳбари
ЎзА