Халқаро пресс-клубда "Давлат фуқаролик хизмати: ихчам ва самарали бошқарув тизими" мавзусида маърифий мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун мазмун-моҳияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ва бошқалар кейинги йилларда инсон қадр-қимматини устувор билиш давлатимиз сиёсатида асосий аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Мулоқот давомида таъкидланганидек, янгиланаётган Ўзбекистонда давлат идораларининг халққа хизмат қилишида кескин ижобий бурилиш ясалди. Маҳаллабай, хонадонбай муаммоларни ўрганиш, турли ижтимоий дафтарларнинг жорий этилгани мавжуд муаммоларни тез аниқлаш, уларга самарали ечим топиш, одамларни рози этиш имконини бермоқда.
"Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам давлат идоралари ходимларининг халқимизга сифатли, самарали хизмат кўрсатиши борасида яна бир муҳим қадам бўлди.
Мулоқот давомида қайд этилганидек, барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни сифатли ижросини таъминлаш давлат органлари томонидан белгиланган вазифа ва функцияларини нечоғли пухта ва самарали амалга оширишига бевосита боғлиқдир.
Ривожланган хорижий мамлакатлар давлат бошқарувида кадрлар сиёсатини шакллантиришда давлат хизмати муҳим ўринни эгаллайди. Шу сабабли, давлат бошқарувида олиб бориладиган ислоҳотлар, биринчи навбатда, давлат хизматини тўғри ташкил этиш ва самарали амалга оширишни назарда тутади.
Давлат органларининг фаолият сифати даражаси аҳолининг давлат хизматига нисбатан тасаввурларини шакллантиради. Давлат номидан фаолият олиб бораётган хизматчига қараб аҳоли томонидан давлат бошқаруви ёки давлат хизмати тизимига баҳо берилади. Шунинг учун ҳам давлат органларига малакали ва масъулиятли кадрларни жалб қилиш, уларнинг малакасини доимий ошириб бориш билан бир қаторда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни ягона қоидалар асосида ҳуқуқий тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга соладиган "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Қонун вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланди. 10 та боб ва 64 та моддадан иборат.
Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.
Бугун барча вазирлик, идора ва ташкилотларда "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунини кенг тарғиб қилиш, мазмун-моҳиятини энг қуйи бўғинларгача фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига етказиш мақсадида Агентлик масъул вакиллари, сиёсатшунослар, профессор-ўқитувчилардан таркиб топган махсус ишчи гуруҳи тузилди.
Айтиш жоизки, тарғибот ишларининг биринчи босқичи 15 августдан 19 августга қадар режа-график асосида барча вазирлик, идора ва ташкилотларда ташкил этилади.
Мулоқот давомида "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида ушбу ҳужжат тарғиботига масъул бўлган турли вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари томонидан атрофлича маълумот берилди.
Н.Усмонова, ЎзА