Мамлакатимизда давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш, кадрларни танлаш, давлат органлари ва ташкилотларини малакали мутахассислар билан таъминлаш, энг муҳими, коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.
Давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портал — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилиши юқорида айтилган ислоҳотларнинг асосий механизми бўлди.
Очиқ мустақил танловларнинг замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда амалиётга жорий этилиши эса жараёнларда инсон омилининг иштирокини камайтириб, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга ва танловларнинг ўтишида шаффофликни таъминланишга, шу жумладан, номзодларнинг энг муносиби танланишига хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 37-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади”, деб ёзиб қўйилган.
Биргина, 2021-2022 йиллар давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан вакант лавозимлар учун 140 минг 700 та танлов эълон қилинган бўлса, ушбу танловларда 1,3 миллион нафардан зиёд номзод иштирок этган ва уларнинг 45 349 нафари танлов ғолиби сифатида вакант лавозимларни эгаллаган.
Бугунги кунга қадар 1 миллион 473 минг 762 нафар номзод вакант лавозимлар очиқ танловларида қатнашди ва очиқ мустақил танловлар орқали 47 минг 802 нафар номзод давлат фуқаролик хизматига қабул қилинди. Айни пайтда порталда 306 мингдан зиёд фуқаронинг маълумотномаси шакллантирилди.
Давлат хизматига муносиб кадрларни очиқ мустақил танлов асосида саралаб олиш тизими жорий қилиниши бир томондан, номзодлар учун очиқлик ва шаффофликни таъминласа, бошқа томондан коррупцион ҳолатларни олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.
Ҳар қандай давлат ўз келажагини, энг аввало, кадрлар салоҳияти билан белгилайди. Бошқарувда кадрларни уларнинг малакаси ва хулқ-атворига қараб тўғри танлаш ҳар бир давлат ташкилоти фаолияти самарадорлиги ва мақомини оширишнинг асосий омилидир.
Музаффар Турдимов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Навоий вилояти филиали Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори
ЎзА