Давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг бир тури сифатида фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги касбий фаолияти ҳисобланади. Шу йилнинг 8 август куни қабул қилинган "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилган.
Мазкур қонун 9 ноябрдан расман кучга кирди. Қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз ифодасини топган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухтабар Ҳусанова ҳужжатнинг ушбу жиҳатлари хусусида маълумот берди.
— "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун чуқур муҳокамалар асосида, маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилган эди. Унга кўра, давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланади. Қонуннинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.

Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонуннинг 11-моддасида давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари ўз ифодасини топган. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусияти ва мураккаблигига, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш, касбий компетенциялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантирилиш, мунтазам равишда малакасини ошириб бориш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш ҳуқуқларига эга.
Шунингдек, иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим давлат фуқаролик хизматчилари учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, йиллик меҳнат таътиллари берилиши орқали дам олиш ҳуқуқига эга.
Давлат пенсия таъминотини олиш, давлат органининг қонунга хилоф қарорлари ва унинг мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш, давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, давлат фуқаролик хизматидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар берган тақдирда, давлат ҳимояси билан таъминланиш каби ҳуқуқлари ҳам мавжуд.
Агар давлат фуқаролик хизматчиси давлат органи томонидан қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилган тақдирда, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда унинг лавозими ва иш ҳақи сақланиб қолинади. Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат фуқаролик хизматини ўташ вақтида етказилган моддий зарарнинг ўрни қоплаб берилади, маънавий зиёни компенсация қилинади. Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчиси давлат фуқаролик хизмати масалалари юзасидан махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиш, ўзининг шахсий ҳужжатлари тўплами билан танишиш каби яна бир қатор ҳуқуқларга эга ҳисобланади.
Албатта, қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари билан бирга, мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, давлат фуқаролик хизматчиси ушбу қонунда белгиланган, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши лозим. Шунингдек, давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлар ёхуд ҳаракатсизликдан тийилиши керак.
Ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги лозим. Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш каби мажбуриятлари мавжуд.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА