Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси шу кунларда Канаданинг Монреаль шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенциясининг 15-томонлар конференцияси (СОР-15)нинг юқори даражадаги сегментида иштирок этиб, маъруза қилди.
Қўмита раиси ўз нутқида Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳит ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш масалаларида кўрилаётган амалий чора-тадбирларга конференция иштирокчилари эътиборини қаратди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида илгари сурилган Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этишга қаратилган ташаббуслар халқаро даражада кенг қўллаб-қувватланилаётгани муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилингани, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилгани ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари самара бераётганини қайд этди.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат ўтқазиш орқали 5 йилда 1 миллиард туп кўчат экиш ҳамда 2030 йилга келиб мамлакатимизда яшил майдонлар ҳудудини 30 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019 – 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси каби экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутаётган ҳужжатлар ҳақида маълумот берилди.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг кенгайтирилиши, мамлакатимизнинг ўзига хос ноёб экотизимлари ва ландшафтлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар рўйхати (Рамсар конвенцияси) ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғи каби нуфузли халқаро рўйхатларга киритилиши борасида самарали ютуқларга эришилмоқда.
Конференция доирасида Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов бир қатор учрашувлар ўтказди. Хусусан, БМТ бош котиби ўринбосари, БМТ Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ижрочи котиби О.Aлгаерова билан учрашди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг атроф-муҳит ҳолати ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида миллий маърузасини ишлаб чиқиш, БМТ ЕИКнинг бир қатор табиатни муҳофаза қилиш конвенцияларига қўшилиш йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
О.Aлгаерова Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. 2023 йилнинг 18-19 апрель кунлари инновацияларни жорий этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида "БМТ ЕИК минтақасида Барқарор ривожланиш учун рақамли ва яшил трансформациялар" мавзусида ташкил этилиши режалаштирилаётган панель сессиясида иштирок этиш таклифини берди.
Ўз навбатида, Н.Обломурадов БМТ ЕИК Ижрочи котибини 2023 йилнинг 23-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференциясига таклиф этди.
ЎзА