Сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу йўналишда Давлат экологик экспертизаси маркази олдига ҳам бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.
Давлат экологик экспертизаси маркази матбуот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамовага кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамлаштириш йўналишида қатор муҳим ишлар амалга оширилди. Йил давомида корхона ва ташкилотларга 49 минг 620 та давлат экологик экспертизаси хулосаси тақдим этилди. Бу режага нисбатан 155 фоиз бажарилганини англатади. Бундай натижа марказ фаолиятининг самарали ташкил этилганидан далолат беради.
Шунингдек, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган фаолият турлари бўйича 1 минг 614 та жамоатчилик эшитуви ўтказилиб, аҳоли фикри инобатга олинди. Бу жараён очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилди.

– Бундан ташқари Eco-service.uz дастури “Шаффоф қурилиш” ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги электрон тизимлари билан интеграция қилинди, – дейди Шаҳзода Акрамова. – Туман ва шаҳар экология бўлинмалари учун шахсий кабинетлар орқали барча экспертиза хулосаларини электрон шаклда юбориш йўлга қўйилди. Шу орқали 49 минг 620 та хулоса ҳудудларга тезкор етказилди. Хўжалик юритувчи субъектларга смс-хабарномалар юбориш тизими ишга туширилиб, 9 минг 352 та корхонага 20 минг 500 та огоҳлантириш хабари етказилди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам салмоқли келишувларга эришилган. Хусусан, Корея Республикаси ва Беларусь билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Жумладан, 11 нафар ходим Кореяда ўқув семинарларида қатнашди. Шунингдек, 10 млн. долларлик халқаро лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилди.
Йил давомида 100 нафарга яқин ходим коррупцияга қарши ўқув курсларини якунлади, 25 нафар ходим рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича малакасини оширди, турли соҳавий семинар ва тренинглар ўтказилди.
Эътирофли жиҳати шундаки, Марказ ISO 37001 халқаро сертификатини қўлга киритиб, коррупцияга қарши тизимда юқори натижага эришди. “Eco Expo Central Asia 2025” кўргазмасида 1-ўринни эгаллади, Беларусдаги халқаро экологик кўргазмада иштирок этди. “Эко боғ” ташкил этилиб, 500 та дарахт кўчати экилишига ҳисса қўшилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА