Бир мурожаат изидан
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи Светлана Байтураеванинг мурожаати келиб тушди. Унда фуқаронинг қонуний талаблари тегишли ташкилотлар ва ҳудуддаги маҳаллий ҳокимликлар томонидан бажарилмаётгани баён қилинган.
Қайд этилишича, Президентимизнинг 2018 йил 3 январдаги “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида фуқаро (иш) авиациясининг замонавий аэропорт комплекси қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қибрай тумани “Товкент тепа”, “ТашИСТИ”, “Жарбоши”, “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи фуқароларнинг турар-жойлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга қарашли нотурар бино-иншоотлар Давлат ва жамоат эҳтиёжи учун зарурлиги инобатга олиниб бузилишга тушган. Бу борада Қибрай тумани ҳокимининг 2019 йил 14 мартда 508-сонли қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, юқорида номлари кўрсатилган маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқароларнинг турар-жойлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга қарашли нотурар бино-иншоотлар комиссия томонидан шакллантирилган рўйхатга асосан мулкдорлар ҳисобидан бузилиши кўрсатилган.
Фуқаро Светлана Байтураевага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган якка тартибдаги уй-жой яъни Қибрай тумани Товкент тепа маҳалла фуқаролар йиғини Янги авлод кўчаси, 8-А-уй ҳам “Olimp-Baholash va Ekspertiza markazi” МЧЖнинг 2019 йил 27 ноябрдаги 90/Т-сонли хулосасига кўра 457 миллион 150 минг сўмга баҳоланиб, 2019 йил декабрь ойида бузиб ташланган. Бироқ фуқарога мазкур маблағ ҳалигача тўлаб берилмаган.
Воқеаларнинг кейинги ривожи янада чигаллашган. Яъни Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 27 августдаги “Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги СҚ-379-IV-сонли қарорига асосан 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган 21 та МФЙ, (Мирзо Улуғбек туманига 13 та, Яшнобод туманига 8 та МФЙ, хусусан Тузель ва Янгиобод қишлоғи ҳудудлари) Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган.
Қибрай тумани ҳокими М.М.Миркасимов томонидан Тошкент вилояти ҳокими З.Т.Мирзаев номига мазкур ҳудуддан бузилишга тушган жами 194 нафар фуқароларнинг турар жой объектлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилгани тўғрисида 2022 йил 20 апрель кунги 1/ХВ-3-393-сонли хат юборилган. Уларнинг 105 нафарига тегишли товон (компенсация) пуллари тўлаб берилган. Қолган 89 нафар фуқароларнинг 43 нафари ўзларига тегишли бўлган турар жой бўйича ҳамда бир нафар нотурар жой объектларининг баҳолаш ҳужжатларини Қибрай тумани ишчи гуруҳига тақдим қилган. Уларнинг умумий қиймати 23 миллиард 592,6 миллион сўмни ташкил этади. Шу сабабли фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва келиб чиққан муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам ва маблағ сўраб мурожаат қилган.
Ўз навбатида Тошкент вилоят ҳокими З.Т.Мирзаев томонидан 2022 йил 22 апрелда 1/3-1-2503-сонли чиқиш хати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мурожаат қилинган. Хусусан, Қибрай туманидаги 21 та МФЙ, хусусан Тузель ва Янгиобод қишлоқлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилганлиги муносабати билан қолган 43 нафар фуқароларнинг турар ва нотурар объектларини кўчириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва товон (компенсация) пулларини тўлашни Тошкент шаҳридаги тегишли туманлар, яъни М.Улуғбек ва Яшнобод туманлари томонидан амалга оширилишига кўрсатма беришни сўраган.
Президентимизнинг 2019 йил 3 сентябрдаги Ф-5491-сонли фармойиши ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сонли қарори билан тасдиқланган тегишли ҳужжат ва Низом талабларига мувофиқ “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар ташкил этилади ва бу жамғармалар ҳисобидан қоплаб берилади” деб кўрсатилган бўлсада, Афғон уруши фахрийси, фуқаро Светлана Байтураевани деярли 3 йилдан буён қилаётган мурожаатлари қаноатлантирилмасдан қолмоқда.
Биз мазкур масала бўйича мурожаатчининг қонуний вакили адвокат А.Ҳасанов билан суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, бу масала анчадан буён чўзилиб келмоқда. Адвокат Қибрай тумани ҳокимиятига мурожаат қилса, Тошкент вилояти ҳокимиятига мурожаат қилишни, у ерга борса Тошкент шаҳар Яшнобод туманига мурожаат қилинг қабилида жавоб берилар экан. Мазкур ташкилотлар “Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича ташкил этилган жамғарма томонидан тегишли маблағлар ажратилгандан сўнг фуқаро С.И.Байтураевага товон пулларини тўлаб беришни маълум қиламиз” деган мазмундаги мавҳум жавоблар юбориш билан чекланган.
Фуқаронинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонуни, Ер ва Фуқаролик кодекслари тегишли моддаларидаги талаблар асосида етарлича таъминланмаётганини қандай тушиниш мумкин.
Суриштирувларимизга кўра, Қибрай тумани ҳокимлиги масъулларидан ҳолатга ойдинлик киритишни сўраганимизда қачонки жамғармага маблағ тушса шундагина фуқароларга товон (компенсация) пуллари тўланишини айтишди.
Фуқаро Светлана Байтураева жорий йилнинг 3 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигига келиб қурилиш, коммунакациялар, коммунал хўжалик, экологоя ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича котибияти етакчи мутахассиси Даврон Ўктамов билан суҳбатлашди. Мутахассиснинг маълумот беришича, Қибрай туманидаги уй-жой аслида марҳума Дилноза Азимовага тегишли бўлиб, мулк хатловдан кейин С.Байтураевага 2021 йилда ҳадя қилиб берилган экан.
Мутахассислар ўрганишлари давомида бузилиш пайтида уй-жойнинг ҳужжатларида марҳуманинг номи қайд этилган. Шундан келиб чиқиб айни пайтда барча ҳужжатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилади. Шундан сўнг тегишли суд қароригача ҳолат бўйича ахборотлар Тошкент вилояти ҳокимига тақдим қилинади ва яқуний қарор қабул қилинади.
Мурожаатчи С.Байтураева мутасаддиларнинг масалага ҳар томонлама холисона ёндашиб, ижобий ҳал этилишига умид қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.