Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастурлари ижросини таъминлашда масъулият ва ташаббускорлик муҳим
16:11 / 2024-05-10

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилиши лозим бўлган катта ва узоқ муддатли лойиҳалар, аввало, халқимиз билан маслаҳатлашилиб, муҳокамадан ўтганидан сўнг қабул қилинмоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳам юртдошларимизнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлашдаги аниқ вазифаларни ўзида мужассам қилган. Стратегия доирасида ҳар йили давлат дастурлари қабул қилиниб, ижрога қаратилаётгани эса жойларда муаммоларнинг ечимига сабаб бўлмоқда.  

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясини Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинган, – дейди “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Қарорнинг ҳар бир мақсад ва бандида вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётида муҳим ўзгаришлар акс этган.  

Мисол учун, қарорнинг 29-мақсад, 80-бандида “Банд бўлмаган шахслар, камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари ва ёшларнинг амалий мономарказ, давлат ва нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш” вазифаси юклатилган. Унга кўра, вилоятда иш билан банд бўлмаган 5,4 минг нафар ишсиз хотин-қиз ҳамда 4,8 минг нафар ишсиз ёшни касб-ҳунарга ўқитиш ишлари бошлаб юборилган. Айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бу жараёнларга фаол жалб этилаётгани уларнинг ўз Ватанида ишлаб, оиласи бағрида ҳалол меҳнат қилишига замин яратмоқда.  

Кармана тумани Азамат маҳалласида яшовчи Юлдуз Жалилова Туркия Республикасида ишлаб қайтди. “Маҳалла еттилиги” у билан учрашиб, келгуси режалари ҳақида суҳбатлашди.  

– Учрашувда тадбиркорлик қилиш истагим борлигини, аммо бунинг учун етарли даражада кўникмам мавжуд эмаслигини билдирдим, – дейди Ю. Жалилова. – Уларнинг ёрдамида “Ишга марҳамат” мономарказида ўқиб чиқдим. Ҳозир юмшоқ ўйинчоқлар тайёрлаш билан шуғулланмоқдаман.  

Конимехлик Соҳиба Сафарова эса Россия Федерациясида ишлаб келган. Ҳозир у миллий таомлар тайёрлаш йўналиши бўйича очилган ўқув курсида ўқимоқда. Нияти ўз ошхонасини очиб, халққа хизмат қилиш. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.  

“Юксалиш” ҳаракати ҳудудларда давлат дастурлари ижросини мониторинг қилиш ва муқобил ҳисоботларни юритиш бўйича иш олиб боради. Ҳаракатнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан муддати келган барча бандлар бўйича мониторинг ва жамоатчилик эшитувлари ўтказилиб, ҳудудий дастурнинг бажарилиши бўйича аниқ маълумотлар тўпланган ҳолда камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилмоқда.  

– Биз яқинда вилоят ҳудудий дастурининг 63-мақсад, 6-бандида белгиланган “Каналларни реконструкция қилиш доирасида камида 11,7 км йирик каналларни бетонлаштириш” масаласини ўргандик, – дейди Ҳаракат қошидаги жамоатчилик гуруҳи аъзоси Мирсаид Мавлонов. – Банд ижроси юзасидан Конимех ва Навбаҳор туманларида ишлар амалга оширилган. Аъзолар иштирокида бажарилган ишларни жойига бориб кўрдик. Ўрганишлар давомида ариқларни бетонлаштиришда дарахтларнинг ост қисми ҳам цемент-бетон қилинган ҳолатларга дуч келдик. Табиийки, бундай ҳолатлар дарахтларнинг қуриб қолишига олиб келади. Мутасаддилар иштирокида жамоатчилик эшитуви ўтказилиб, ариқ ва каналларни бетонлаштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган ишлар бўйича экспертларимиз ўз таклифларини берди. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кузатув ва мониторинг ишларини давом эттирамиз.  

Албатта, дастурлар, аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шундай экан, дастур ижросига масъуллар ташаббускор ва масъулиятли бўлишса, кўзланган натижаларга эришилади.  

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири