Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Касбий таълим агентлиги, Касбий таълимни ривожлантириш институти мутасаддилари сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда ижросини таъминлаш юзасидан галдаги вазифаларга тўхталди.
Семинар давомида касбий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифатини ошириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, ҳудудда техникумлар фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида тажриба алмашиш, очиқ мулоқот ва амалий таклифлар бериш орқали раҳбарларнинг стратегик фикрлаш ва бошқарув кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш йўлидаги бундай амалий чора-тадбирлар таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши айтилди.
Семинар-тренингнинг иккинчи қисми шўъбалар кесимида давом этди. Иштирокчилар касбий таълим тизимида замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, таълим сифатини ошириш, ички назорат тизимини такомиллаштириш ҳамда белгиланган устувор вазифаларни амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
[gallery-27918]
Шўъбалар доирасида ҳудудий техникумлар фаолиятини самарали ташкил этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Очиқ мулоқот ва тажриба алмашиш муҳитида ўтган муҳокамалар раҳбарларнинг стратегик фикрлашини ривожлантириш, бошқарув кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнида замонавий ёндашувларни қўллашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА