Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастуридаги вазифалар ижроси Ўзбекистон ва минтақанинг яшил тараққиётига хизмат қилади
12:11 / 2025-02-17

Муносабат

Халқ билан ўтказилган очиқ мулоқотлар ҳамда жамоатчилик фикрлари натижалари асосида тайёрланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2025 йил – “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурини қабул қилиш бўича Президент фармони қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати, ушбу фармон лойиҳаси ҳам сўнгги йилларда шаклланган анаънадан келиб чиқан ҳолда январь ойида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Муҳокама жараёнларида юртдошларимиз ҳамда маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан кўплаб ҳаётий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Ана шундан ҳам кўриш мумкинки, жорий йилги Давлат дастурида акс эттирлган барча вазифалар юртдошларимиз ҳаётига бевосита дахлдор бўлган масалалардир. 

Хусусан, Давлат дастурида 2024 йил 18-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгиланган вазифаларнинг ижросини оғишмай таъминлаш, БМТининг Иқлим ўзгариши тўғрисида ҳадли конвенциясининг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш,  иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтишга оид муҳим вазифалар белгиланган.

Жумладан, 2025 йилда аҳоли саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан;

– аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатимизда “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш;

– аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, хусусан, тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;

– “яшил транспорт”, шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;

– пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;

– озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш;

– сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

– чиқиндиларни турларига қараб саралашни йўлга қўйиш кабилар шулар жумласидан.

Албатта, кундалик турмуш тарзимизда соғлом ҳаракатланиш ва соғом овқатланиш режимига ўтиш, аввало, барчамизнинг ўз саломатлигимиз учун муҳим. Аммо, бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ҳамда рағбатлантириб бориш фуқароларимиз саломатлигини асрашда ўз ижобий самарасини беради. Боиси, аҳоли саломатлиги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир этувчи асосий омиллардан биридир саналади.

Шу билан бирга, дастурда аҳоли саломатлигини таъминлашдаги яна бир муҳим босқич тиббиётнинг бирламчи бўғинини босқичма-босқич трансформация қилишга қартилган муҳим вазифалар ҳам белгиланганидир.

Унга кўра, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ва маҳалла тиббиёт пунктларида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг самарали тизимини жорий этиш, кўп тармоқли марказий поликлиникалар фаолиятини марказий шифохоналарнинг маслаҳат диагностика поликлиникаси сифатида йўлга қўйиш назарда тутилган.

Шунингдек, марказлашган лабораториялар ташкил этилиб, шифокор қабулига навбат тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Давлат томонидан санитария-гигиена нормаларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилган ҳолда стоматология хизмати аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади.Тиббиёт ходимларининг малакаси оширилиб, меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилади, самарадорликка эришган ходимларнинг ойлик маошларига қўшимча устама тўланади.

Бугун кўплаб соҳада бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам хусусий секторнинг улуши ортиб бормоқда. Шу боис, дастурда давлат тиббиёт муассасалари иш фаолиятини замонавийлаштириш орқали рақобатдошлигини оширишга қаратилган бундай амалий ҳаракатларнинг жорий этилиши келгусида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини янада оширади.

Жумладан, дастур доирасидаги ишлар ижросини таъминлаш орқали йил якунига келиб, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 74,8 ёшга, ирсий касалликлар билан касалланган болаларни дори воситалари, тиббий буюмлар ва шифобахш озуқалар билан таъминлаш 100 фоизга етказилади. Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш диабет ҳамда юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш кўрсаткичини ҳам 100 фоизга етказиш имконини беради.

Дастурдаги яна бир муҳим ташаббус, инсон салоҳиятини юксалтириш, таълим учун қулай муҳит яратиш ишларини ташкил этиш мақсадида 2025/2026 ўқув йилидан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти сифатида белгиланганлигидир.

Жумладан, ушбу вазифа доирасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида “циркуляр иқтисодиёт” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ушбу университетга бириктирилган “яшил техникумлар” ташкил этилади.

Олий таълимда грант ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, хизматлар, тиббиёт каби соҳаларда давлат буюртмаси 25 мингтага етказилиб, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши таълим дастурлари асосида таълим олиш учун стипендия танловига 20 тагача квота ажратиб борилади.

Бугун аҳоли турмуш фаровонлиги ҳамда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини электр энергиясисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, Давлат дастурида йил давомида умумий қуввати 4,5 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол электр станциясини ишга тушириш, қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш, қуввати 225 мегаватт бўлган гидроэлектр станцияларини барпо этиш орқали жами қайта тиклануви энергия манбалари улушини электр энергияси ишлаб чиқаришда 26 фоизга ва жами генерация қувватлари таркибидаги улушини эса 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Энергетика соҳасидаги бундай амалий ҳаракатлар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Марказий Осиёдан Европага электр энергияси етказиб бериш бўйича “яшил энергетика”  йўлагига қўшилиш борасидаги ташаббуслари учун ҳам дастлабки қадам ҳисобланади.

Ушбу вазифалар ижросидан кўриш мумкинки, жорий йилги Давлат дастури ва унда белгиланган вазифалар нафақат мамлакатимиз тараққиёти, қолаверса, минтақанинг яшил иқтисодиёт йўналишида ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Умуман олганда, Давлат дастурида юқоридаги каби кўплаб муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Галдаги вазифамиз барчамиз бир тану, бир жон бўлиб унинг ижросини таъминлашдир. Айниқса, бу жараён биз, депутатлардан катта масъулиятни талаб қилади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА