Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастуридаги барча топшириқлар долзарб ва бажарилиши шарт
16:16 / 2021-10-20

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг учинчи чорагидаги ижроси қандай таъминланди?

 Олий Мажлис Сенатининг бугун ўз ишини бошлаган 20-ялпи мажлисида ушбу масалага жиддий эътибор қаратилди.  

 Давлат дастури бўйича маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш доирасида барча маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳали якунланмаган.  

 Уларнинг миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш ишлари ҳам ҳамон бажарилмаган.

  Туризм соҳасидаги битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган онлайн-платформа яратиш топшириғи талаб даражасида бажарилмаган.

 Ҳаёт суғуртаси тармоғи ҳамда шахсий суғуртани аҳоли орасида оммалаштириш, уларни кенг миқёсда тарғиб қилиш, шахсий суғурта турларини ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.  

 Айрим ҳудудларда Ёшлар технопарклари фаолиятини ташкил этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар қониқарсиз аҳволда.

 Бу ҳақда Сенат раиси ўз фикрини билдирар экан, ёшлар бандлиги, суғурта, инвестициялар самарадорлигини баҳолаш, маданий мерос, хуллас, давлат дастуридаги барча топшириқлар долзарб аҳамиятга эгалиги, шунинг учун улар ўз вақтида бажарилиши шартлигини қайд этди.  

 – Ҳукумат мазкур масалаларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратиши зарур, – деди Танзила Норбоева. – Жумладан, маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш ва уларнинг миллий рўйхатини қайта кўриб чиқиш зарур. Айрим йўқ бўлиб кетган маданий мерос объектлари ҳамон муҳофазага олинган объектлар миллий рўйхатида сақланиб турибди – номи бору, ўзи йўқ. Маданий мерос тарғиб қилиниши давлатимиз томонидан  қўллаб-қувватлашга муҳтож. Акс ҳолда узоқ йиллар давомида тарихдан шаклланган миллий маданиятимиз, ўзлигимиз ёддан чиқиши, унутилиши ҳам мумкин. Керак бўлса, тегишли қонунларга маданий меросларни сақлашга оид ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқиш зарур. Маданий мерос объектларини сақлашнинг шаффоф ҳуқуқий механизмларини яратиш давлатнинг вазифасидир.  

 Айтиб ўтиш керакки, Давлат дастури ижроси доирасида олиб борилган ишлар натижасида 2021 йил январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида 90,2 минг нафар фуқаро, жумладан, 48,6 минг нафардан ортиқ ёшлар ҳамда 59,6 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилган.

 “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 28,6 минг ишсиз фуқарога 58 млрд 900 млн сўм субсидия ажратилган.  

 “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг бир қисмини ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.

 “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун республика бюджетидан 9 трлн 800 млрд сўм сарфланган ҳамда маҳаллий бюджетларга айнан шу мақсадлар учун 301 млрд сўм ссуда ажратилган.

 Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида 82 оилавий шифокорлик пункти ва 19 оилавий поликлиника ташкил этилган.  

 Муҳокамалар якунида давлат дастуридаги барча топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

  Н.Абдураимова, ЎзА