Айни кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда. Давлат дастури лойиҳасида бешта йўналиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз аксини топган.
Жумладан, лойиҳада хотин-қизлар масаласига устувор аҳамият қаратилиб, бу борада бир қатор мақсад-вазифалар кўзда тутилган.
— Беш йўналиш, 100 та мақсадни ўз ичига олган Давлат дастури лойиҳаси халқимиз фикрини олиш мақсадида кенг муҳокамадан ўтказилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамажонова. — Давлат дастурининг 25-мақсадида хотин-қизларга оид белгиланган вазифалар эътиборимни тортди. Хотин-қизларнинг оиладаги ўрни, ижтимоий ҳимояси ҳужжат лойиҳасида ўз ифодасини топган. Айниқса, хориждаги хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, қийин аҳволда қолганларига ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар ўрин олганини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, тадбиркор аёлларимизга янада кенг имкониятлар яратиш, ҳатто уларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотларини сотишгача ёрдам бериш масалалари Давлат дастури лойиҳасида белгилаб берилмоқда.
Хотин-қизларимизнинг саломатлигини асраш борасида ҳам қатор мақсад-вазифалар ўз ифодасини топган. Жарроҳлик амалиётини ўтказадиган 2 мингдан ортиқ аёлларимизни соғломлаштириш чораларини кўриш, 10 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига ортопедик воситаларни етказиб бериш масалалари белгилангани эътиборга молик.
<iframe width="928" height="522" src="https://www.youtube.com/embed/em2eIAHPqCI" title="Davlat dasturida xotin-qizlarga oid qanday vazifalar koʻzda tutilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Яна бир эътиборли жиҳати хотин-қизларимизга оид 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилганидир.
Муҳтарама Комилова,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА