Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастури: натижадорлик ва масъулият мезони
16:47 / 2026-02-18

Муносабат

Мамлакатимиз тараққиёти янги босқичга қадам қўяр экан, ислоҳотларнинг самараси энди уларнинг қабул қилиниши билан эмас, балки амалдаги натижаси билан баҳоланмоқда. 

2026 йил учун қабул қилинган Давлат дастури ана шу тамойилга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у стратегик мақсадларни аниқ амалий механизмлар билан уйғунлаштирган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. 

Мазкур дастур “Oʻzbekiston – 2030 strategiyasi” доирасида белгиланган устувор вазифаларни изчил давом эттириб, иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бирга, унинг самарасини аҳоли фаровонлигига йўналтиришни кўзда тутади. Унда иқтисодиётни модернизация қилиш, саноатни диверсификациялаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, инвестиция муҳитини яхшилаш каби вазифалар белгиланган. 

Иқтисодий ислоҳотлар янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ички бозор барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инновацион ўсиш моделини шакллантириш мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлайди. 

Дастурда маҳаллаларни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси жойларда, аҳоли ҳаётида намоён бўлади. Инфратузилмани яхшилаш, бандликни таъминлаш, ижтимоий муаммоларни манзилли ҳал этиш, буларнинг барчаси маҳалла кесимида амалга оширилади. Бу эса маҳаллий кенгашлар ва депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида сифат ўзгаришларини амалга ошириш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш каби вазифалар жамиятда адолат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. 

Депутат сифатида қайд этмоқчиманки, 2026 йилги Давлат дастури бу Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги изчил ва масъулиятли қадамдир. Унинг муваффақияти ижро интизоми, парламент назорати ва жамоатчилик иштирокининг самарадорлигига боғлиқ. 

Мазкур дастур стратегик мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш орқали барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ислоҳотлар инсон манфаатини устувор қўйган тараққиёт модели асосида амалга оширилаётганидир.

 Гулжан Халмуратова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси. ЎзА