Ўзбекистоннинг муҳим истиқболли дастури, давлат инсон учун деган тамойил илгари сурилган, мамлакат ривожланишини янги босқичга олиб чиқувчи, халқчил, тарихий ҳужжат Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси тасдиқланган эди. Шу асосда ҳар йили стратегияни амалга оширишга қаратилган Давлат дастури тасдиқланади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида ҳам 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном бериш таклиф қилинди.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да амалга оширишга оид давлат дастурини қабул қилиш бўйича Президент фармони ҳамда унга илова қилиб 7 йўналиш, 100 та мақсад ва 309 та банддан иборат “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.
Йил номига эътибор қаратадиган бўлсак, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”. Умуман мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим сифатини оширишга жуда катта эътибор қаратиляпти. Буни рақамларда, эришилган натижаларда кўришимиз мумкин. Биргина, мактабгача таълимни оладиган бўлсак авваллари мактабгача таълим қамрови 30 фоизга ҳам етмаган. Бу кўрсаткич кейинги йилларда республика миқёсида оладиган бўлсак 70 фоизга етган. Олий таълимда қамров бор йўғи 9 фоиз бўлган, бугун эса бу рақамлар салкам 40 фоизга етказилди. Ёки мактабларни оладиган бўлсак, янги замонавий мактаблар қуриляпти, таъмирланяпти. Президент мактаблари, ижод мактаблари ташкил этилди. Шу ишларнинг давоми сифатида давлат дастурида таълим соҳасида янги бир вазифалар белгиланмоқда.
Бунда, 2023 йилда мактабгача таълим қамровини 80 фоизга, олий таълимни 50 фоизга етказиш, мактабгача таълим тизимида қўшимча 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш кўзда тутиляпти. Бунинг учун мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этишни кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали амалга оширишга рухсат этилмоқда. Нодавлат таълим ташкилотини ташкил қилишда лицензия олиш ва рухсат бериш тартиб тамойилларини енгиллаштириш масаласи, бу дегани илгари нодавлат таълим ташкилотини ташкил этишга анчагина талаблар қўйилган эди, масалан, электрон кутубхонаси ёки ахборот ресурс маркази бўлишининг мажбурлиги, ёки сиғими масаласида бир қанча талаблар қўйилган бўлса нодавлат таълим муассасасини ўрнини ошириш мақсадида уларга қўйилган шу каби талаблар енгиллашмоқда. Бундан ташқари педагог ходимлар малакасини ошириш жараёнида хорижий тажрибани инобатга олиш ҳам назарда тутилган.
Мактаб таълимини яъни умумий ўрта таълимни оладиган бўлсак, бу ерда ҳам анчагина ислоҳотлар ёки чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. 2023 йилда 527 та умумий ўрта таълим мактабини барпо этиш ёки борларини реконструкция қилиш орқали қўшимча 196 мингта ўқувчи ўрни яратилиши белгиланмоқда.
Умумий ўрта таълим соҳасидаги яна бир эътиборли жиҳати бу 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида апробациядан ўтган, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш амалиётини 2023 йилда республиканинг барча вилоятларига татбиқ этиш масаласи кўзда тутилгани. Бунинг учун Республика бюджетидан 2,7 триллион сўм маблағ ажратилиши ва натижада 2,5 миллион нафар болаларимизни бепул овқат билан таъминлаш тизимининг жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Профессионал таълимга ҳам жуда катта ислоҳотлар амалга ошириши кўзда тутилган. Профессионал таълимни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш режалаштирилмоқда, бунда дуал таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган. Давлат дастурининг шу йўналишдаги яна бир эътиборли жиҳати бу ҳар бир ҳудудда битадан намунавий, европа стандартига жавоб берадиган профессионал таълим муассасасининг ташкил этилиши. Бундан ташқари, профессионал таълим соҳасида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг ойлик маошларини умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг иш ҳақига ставкаларига тенглаштириш масаласи ҳам назарда тутилган.
Олий таълимда ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунда олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини халқаро таълим талабларига мослаштириш. Яна бир муҳим масала, бу олий таълим муассасалари талабаларининг талабалар турар жойлари билан таъминланиши масаласи. Биргина, 2023 йилда 18 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриб фойдаланишга топришириш давлат дастурида ўз аксини топган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда мукаммал тизим шаклланди. Давлат дастурида ҳам айни масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ногиронликни белгилашда касалликнинг аломатларидан келиб чиқиб яъни оғир аломатлари ёки унинг асоратларидан келиб чиққан ҳолда фуқаронинг иштирокисиз ногиронликни белгилаш масаласи киритиляпти. Бу қандай амалга оширилади? Яъни идоралараро маълумот алмашинуви натижасида ногиронлиги бор фуқарони чақирмасдан ногиронликни белгилаш механизми жорий қилиниши назарда тутилмоқда. Кейинги масала, халқаро тажрибалардан келиб чиқадиган бўлсак, кўп давлатларда ногиронликни тиббиёт моделидан ижтимоий моделга ўтиш амалиёти жорий этилган. Ўзбекистонда ҳам шу тажрибани босқичма-босқич амалга ошириш концепциясини ишлаб чиқиб амалиётга жорий қилиш масаласи ҳам дастурда кўзда тутилган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласи ҳам давлатнинг устувор вазифалардан бирига айланди. Бунда аввало шифокорларнинг шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ошириш масаласига катта эътибор қаратиляпти. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги тиббиёт муассасалари барпо этиляпти. Умуман аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун давлат нимаики керак бўлса барчасини амалга оширяпти. Давлат дастурида бу борада яна янги вазифалар белгиланаётганлиги қувонарли албатта.
Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1 июл санасидан бошлаб синов тариқасида тиббий суғурта механизмини жорий этиш белгиланган. Хўш, бу аҳолига нима беради? Суғурта тизимини жорий этиш бу тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, яъни оддий қилиб айтадиган бўлсак, сиз пул тўладиз ва тўланган пулга яраша сифатни ҳам талаб қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати соғлом турмуш тарзи умуммиллий ҳаракатини амалиётга жорий қилиш масаласи. Бунда аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш орқали кўплаб касалликларни бартараф қилиш, олдини олиш кўзда тутилган.
Давлат дастурининг ҳар бир банди мамлакат ривожи учун устувор йўналишлар ҳисобланади. Демакки, бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз учун жуда муҳим, шундай экан бу жараёнларда ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этиши лозим бўлади ва ўзларининг таклиф ва ташаббусларини, фикрларини йўллашлари керак.
Албатта берилган имкониятлар, ваколатлардан унумли фойдаланиб кенг жамоатчилик, депутатлар тараққиёт стратегияси ҳамда дастурда белгиланган мақсадлар ва чора-тадбирларнинг ижросини назоратга олишда, уларнинг амалга оширилишида ижро органига кўмаклашиши даркор.
Ҳамза Рўзиев, “Юксалиш” умуммиллий
ҳаракати Бухоро вилояти бўлинмаси раҳбари,
вилоят кенгаши депутати
ЎзА