Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ҳужжатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида кўзда тутилган вазифаларга эътибор қаратилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Давлат дастури лойиҳасининг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишининг 25-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган амалий чоралар белгиланган. Хусусан, лойиҳада хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерларини ташкил қилиш, ўрганиш натижалари бўйича электрон порталлар орқали хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотларни реализация қилиш каби долзарб ташаббуслар назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга 7 турдаги витаминлар, ёд ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишлари самарадорлигини ошириш учун 1 миллион нафар ҳомиладор ва 1,5 миллион нафар бола эмизувчи аёлларни ёд препарати билан, 5,9 миллион нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш борасидаги муҳим ташаббуслар ўз аксини топган.
[gallery-15873]
Иштирокчилар ушбу вазифалар нафақат ижтимоий муҳтож аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш, балки ёш авлоднинг соғлом ўсиши учун кўзланаётган эзгу амаллар эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, реабилитациядан ўтган хотин-қизлар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш борасидаги вазифалар партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги таъкидланиб, бу шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ва уни обрўсизлантиришга олиб келмаслиги лозимлиги бўйича таклиф-тавсиялар илгари сурилди.
Муҳтарама Комилова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА