Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастури ижроси халқимиз ҳаётини тубдан яхшилайди
15:36 / 2021-02-10

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Бу фикрлар юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, бунинг учун ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий шароитларни яратишга қаратилган ислоҳотларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.  

Айтиб ўтиш керакки, кейинги пайтда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётида муносиб ўрин тутишига эътибор кучайтирилди. Шу мақсадга қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди.  

Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги  қонун қабул қилиниб, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига қаратилган ҳуқуқий кафолат ва ҳимоя асоси яратилди.  

Мазкур қонун билан гендер тушунчасига аниқлик киритилди. Яъни, гендер нафақат аёллар манфаатларини, балки ҳар иккала жинс вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишдир.  

Айтиш жоизки, ушбу қонун нормалари 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 1-моддасида эътироф этилган: “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”, деган нормага тўлиқ мос келади.  

Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деган нормаси ушбу қонуннинг конституциявий асоси бўлиб хизмат қилади.  

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни қайд этишимиз мумкинки, қонун билан миллий қонунчилигимизда аёллар ва эркаклар тенглигининг ҳуқуқий кафолати мустаҳкамланди.  

Президентимизнинг 2021 йил 4 февралдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу  борадаги ишларнинг узвий давоми бўлди.  

Унда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилди.  

Фармонга кўра, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг мувофиқлаштирилган тизими ишлаб чиқилади ҳамда уларнинг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланади. Шу билан бирга, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ республика ва ҳудудий жамғармаларни ушбу кенгашнинг ихтиёрига ўтказиш белгиланди.

Аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши назарда тутилди.  

Бунда 6,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик тадбиркорлик лойиҳаларига кредитлар бериш кўзда тутилди. Бунинг учун “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади.  

Давлат дастурида хотин-қизларнинг саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ҳам назарда тутилди. Хусусан, 6 минг нафар хотин-қизни реабилитация воситалари билан таъминлаш ҳамда 205 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизни жарроҳлик йўли билан соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш, муҳтож хотин-қизларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш шулар жумласидандир.

Турмуш шароитлари оғир хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида 1 минг 600 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида уйларнинг бошланғич бадалларини тўлаб бериш ҳам назарда тутилган.

Фармонга кўра, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилади.  

Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, халқнинг ичига кириб, жойига бориб ўрганиш талабининг қўйилиши натижасида мутасадди идоралар ходимлари уйма-уй юриб, муаммоларни пухта ўрганиши асосида чуқур таҳлил қилиниб, давлат дастурига киритилди.  

Давлат дастурининг тўлиқ ижро этилиши эса ҳар бир масъул шахснинг ўз вазифасини виждонан бажаришига боғлиқ.  

 

Хуршида Бурханхўжаева,

ТДЮУ меҳнат ҳуқуқи  

кафедраси доценти