Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилояти Кенгашининг VI пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, партия вилоят Кенгаши аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, ҳудудий партия ташкилоти раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастури ижроси ҳамда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда Бухоро вилояти ташкилоти ва депутатлик бирлашмасининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.
Мажлисни Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Зулфия Туйева олиб борди ва кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳоли, биринчи навбатда, ижтимоий заиф қатламларнинг асосий ижтимоий манфаатлари ва устувор ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш учун энг қулай шарт-шароитлар яратди.
Ўзбекистон ХДП дастурий мақсад ва вазифалари замирида ётган ижтимоий идеал – мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва ижтимоий демократия мезонларига жавоб берадиган ижтимоий демократик давлатни шакллантириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишлари ҳамда уни 2023 йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг вазифаларига тўла мос келади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокама қилиниб, жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шуни таъкидлаш керакки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда. Моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда. Яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда.
Янгиланаётган Конституция партия ва электорат учун принципиал аҳамиятга эга. Унда “ижтимоий давлат” тамойили энг асосий ўринни эгаллаган. Бу ғоя Конституциянинг 1-моддасида бевосита белгиланиб, кейинги моддаларда ривожлантирилмоқда. Жумладан, қуйидаги нормаларда партия ғояларига мувофиқ, ижтимоий ҳимояга оид қоидалар аниқ ва қатъий белгиланмоқда.
Хусусан, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланмоқда. Бунда, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.
Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.
Бундан ташқари, ҳар ким қулай меҳнат шароитида ишлаши, меҳнати учун адолатли ҳақ олиши, дам олиши, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиши каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради.
Яна шуни таъкидлаш керакки, Конституцияда асосий мезонлардан бири сифатида “ижтимоий бирдамлик” тамойили илгари сурилмоқда. Биз учун бугунги таҳликали замонда ҳар қачонгидан кўра, айнан “ижтимоий бирдамлик” зарурдир. Бу ғоя партиямизнинг бош ғояларидан бири ҳисобланишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
[gallery-11163]
Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши Ижроия қўмитаси ва Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партия гуруҳининг ўтган даврдаги фаолияти, вилоят кенгашининг 2022 йилги бюджети ижроси ва 2023 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги, шунингдек, партиянинг маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Пленумда кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА